Ҳали йигирма беш ёшга ҳам тўлмаган, тоғни урса талқон қиладиган, билагига куч энган, навқирон йигит Санжар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўқиб, илм олиб, касб-корли бўлиб, элга хизмат қилиш ўрнига, гарчи содир этаётган қилмиши ноқонуний эканлигини билса-да, жон койитмай осонгина, текин бойлик орттиришни мақсад қилди. Ҳаттоки, муқаддам ана шундай нопок қилмиши учун суднинг қора курсисига ўтириб ҳам улгурди. Лекин, бундан тўғри хулоса чиқармади.
С.Жўрақулов номаълум шахсдан 8 дона конвалюталардаги жами 112 дона “inko REGAPEN 300 mg Kapsul Pregubalin” дориларини келгусида сотиш мақсадида сотиб олиб, ўзида сақлаб келди. Жорий йил бошида туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан тумандаги “Бўдана” маҳалласи ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда мижозга 1. 050. 000 сўм эвазига таркибида кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи 4 дона конвалюталардаги жами 56 дона капсула “inko REGAPEN 300 mg Kapsul Pregubalin” дориларини қонунга хилоф равишда сотаётган вақтда ушланди. Холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида ёнидан тадбирда ишлатилган 1. 050. 000 сўм пуллар ҳамда ички кийими ичидан таркибида кўп миқдорда кучли таъсир этувчи 4 дона конвалюталардаги жами 56 дона капсулалариборлиги аниқланиб, тегишли тартибда холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.
Суд, судланувчи С. Жўрақуловни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддасининг 8-қисми тартибида С. Жўрақуловга Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил муддати 6 (олти) йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Улуғбек РАСУЛОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан.