Мучал ҳисоби билан маймун йилида, Самарқанднинг Булунғур элида, қадимдан маълум ва машҳур Лойқа қишлоғининг қоқ белида, оддий деҳқон Йўлдош аканинг оиласида бир ўғил дунёга келди (1872 й). Чақалоқ чириллаб жилаяпти, доя момо “қўзи боқар” дегандан сўнг, Йўлдош аканинг ҳам димоғи чоқ бўлаяпти, хотинининг эсон-омон қутулиб олганига кўп шукроналар қилаяпти. Бу ўзбек дегани шу, фарзанд деса “ўлиб қолади”, ўғилми, қизми фарқи йўқ, фарзандли бўлса бўлди димоғи чоқ бўлиб қолади. Топганини тўй қилади, уй қилади, агар меҳмон келиб қолса, ўзи емаса емайди, лекин меҳмонига сий қилади.
Хуллас, боланинг оти Фозил бўлди, ота-энасининг муроди ҳосил бўлди. Лекин қийин замон эди. Теваракда ҳар хил ишлар, элнинг бошида кўп ташвишлар. Буёғи элни ёв босган, кўпни отган, осган. Эл нотинч, юрай деса йўл нотинч. Бундай бўлгандан кейин, албатта, кун кўриш қийин. Одамлар терай деса дон йўқ, ейман деса дон йўқ. Эт устихонига ёпишаяпти, нон деб кимлар қаёқларга чопишаяпти. Биров билан бировнинг иши йўқ. Бой ҳам дод дейди, камбағал ҳам. Бир оғир замон бўлди, нима бўлса ҳам ёмон бўлди. Ана шунда Йўлдош ака ҳам хотини Майрамой билан Фозилжонни опичлаб, юрагини ҳовучлаб, кун кўриш учун, эмин-эркин юриш учун Челак томонларга жўнади, энди пешонада борига кўнади.
Йил қуруқ келди. Оқпошшонинг гапи йирик келди. “Ишлаган тишлайди, ишламаган кишнайди” деди.
Лекин ишлаган ҳам кишнаган замон бўлди, нима бўлса ҳам халққа ёмон бўлди. Қўй-қўзи ориқ бўлди, товонлар ёриқ бўлди, одамларнинг кийгани йиртиқ-ямоқ чориқ бўлди. Қонжалоқлар қон кўрмай қўйди, тандирлар нон кўрмай қўйди. Бир қиёмат замон бошланди, қозонлар сувга ташланди. Молда қисир кўпайди, элда етим-есир кўпайди. Йўғон чўзилди, ингичка узилди.
Оқпошшо айтганини қилдиряпти, бош тортганни ўлдиряпти. Элнинг бойи кўп, аммо бойнинг ҳам берадиган жойи кўп. Солиқлар ҳам ошиб кетди, солиқ деб амалдорлар кўп нарсани ташиб кетди.
Элда тўй-маърака бўлмай қўйди, топганида барака бўлмай қўйди. Қимматчилик ёмон эмас, қаҳатчилик ёмон. Чунк, қаҳатчиликда пулга ҳам нарса топиб бўлмайди, очилиб қолган жойни ёпиб бўлмайди. Фозилнинг ҳам болалиги шундай кунларга тўғри келди-да, начора тақдири шундай бўлди-да.
Фозилжоннинг ёши тўртга чиқди, лекин тили ҳам эрта чиқди. Тиллари бирам ширин, ҳеч ким билмайди бунинг сирин. Ким бўлса гапиртириб кўради, бола ҳам ҳозир жавоб бўлиб туради. Кимдир ундай бўлса дейди, кимдир бундай бўлса дейди, лекин ҳаммасиям ичида “ ўғлинг бўлса шундай бўлса” дейди. Бу рўзғорнинг обрўйи ортдими, ё бу бола боболарига тортдими. Чечан тили сўзга яқин, ўзи эса кўзга яқин бола бўлди-да. Энаси ҳам ҳар намоздан сўнг дуо қилиб туради, битта-ярим гапирганда, нима бўлса кўз-пўз тегиб қолмасин деб юрагини ушлаб туради. Энасининг иши ўрмак бўлиб қолди, Фозилжон қўни-қўшниларга эрмак бўлиб қолди. Унинг гапини эшитганлар-ку мазза қилади, баъзан гап сўраган бўй қизларни бу-ям изза қилади.
Шавкат БОБОМУРОДнинг “Фозил Йўлдош” достонидан.