Аввало, ҳар бир инсон ўз соғлиги учун ўзи қайғуриши лозим. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзига амал қилиш, мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш, овқатланиш ва иш режимига риоя қилиши, вақтида дам олиши лозим. Бироқ, кўпинча барчага маълум ва оддий бўлган ана шу тартибларга амал қилмаймиз. Шунинг оқибатида танамизда ортиқча вазн ва қон босими ошиши кузатилади, ҳаракат таянч нуқталарида оғриқлар сеза бошлаймиз.
Яширишга на ҳожат. Ўзбекчилик, болажон ва меҳнаткаш халқмиз, уйим-жойим деймиз. Ишдан ортиб ўзимизга қарашга, соғлигимизни тиклашга вақт ажрата олмаймиз. Дам олиш кунлари оилада фарзандлар билан хордиқ чиқариш, дам олиш масканлари, истироҳат боғларига бориш, табиат қўйнида яқинлар билан чақчақлашиш ўрнига рўзғор ишларини, ҳовлидаги юмушларни дам олиш кунлари бажаришга одатланганмиз. Ишхонадан бир йилда бир марта бериладиган таътилни ҳам оиладаги қурилиш ишларини амалга ошириш учун ёз ойларига тўғрилаймиз. Соғлигимизни тиклаш учун сиҳатгоҳларга боришга қунт қилмаймиз. Тан олишимиз керак, қачонки ёшимиз бир жойга боргач, танамизнинг бирор жойида оғриқ сезсаккина ноилож сиҳатгоҳларга қараб йўл оламиз.
Вақт ўз ҳукмини ўтказар экан. Кўпчилик қатори мен ҳам ёшим олтмишга яқинлашиб, танамда оғриқ сезилмагунча сиҳатгоҳ нима эканлигини билмабман. Ўтган йили шифокорларнинг тавсиясига биноан ишхонадан таътил олиб, маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси томонидан берилган йўлланма билан Нуробод туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги сиҳотгоҳга бордим. Асорати қолмасин деб бу йил ҳам йўлланма олиб, яна шу сиҳатгоҳга бориб, даволаниб, дам олиб қайтдим.
Абу Али ибн Сино сиҳатгоҳи ўтган йилдагига нисбатан анча ўзгарган. Сиҳатгоҳнинг янги, замонавий, барча қулайликларга эга бўлган янги биноси қуриб фойдаланишга топширилибди. Маъмурий бино ҳам қайтадан капитал таъмирдан чиқарилган. Сиҳатгоҳга бориш йўли ва сиҳатгоҳга кириш дарвозаси, автотураргоҳлар таъмирланган. Ҳудудга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган, кўкаламзорлаштирилган. Сиҳатгоҳ ҳовлисидаги фаввора атрофига янги ўриндиқлар ўрнатилган, йўлакчалар четига тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино битикларидан намуналар келтирилган. Дам олувчилар ва даволанувчилар учун барча шароитлар яратилган, ошхоналар, даволаш хоналарида хизматлар аъло даражада. Кун тартибига кўра дам олувчиларнинг маданий хордиқ чиқаришлари учун кунига кечқурун туман ва вилоят маданият ходимлари томонидан концерт дастурлари уюштирилиши йўлга қўйилган. Ҳар якшанба куни Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда зиёратгоҳларга саёҳатлар ташкил этилади.
Санаторийда дам олувчилар 750 метр чуқурликдан 37-43 даража иссиқликда чиқадиган шифобахш Родон сув билан даволанишади. Сувнинг таркиби кам минералланган хлор-сульфатли, кам миқдорли, иссиқ ва азот газли маъданли бўлиб, таркибида кремний кислотаси, зарур миқдорда родон гази ва бошқа микроэлементлар мақжуд. Родон сув инсон организмида қон айланиш системаси, гипертония, юракнинг ишемик касаллиги, нерв системаси, неврозлар, экзема, аллергик дерматит, буйрак шамоллаши каби бир қанча касалликларга даво бўлади.
Сиҳатгоҳга турли вилоятлардан турли хил касалликлардан халос бўлиш илинжида турли характердаги, турли ёшдаги инсонлар ташриф буюришган. Сиҳатгоҳда кўп инсонлар билан танишдим, суҳбатлашдим, дўстлашдим. Нима бўлганда ҳам Абу Али ибн Сино санаторийсида ўтган кунларим, кўрган-кечирганларим, ҳамсуҳбат бўлган инсонлар ҳақидаги ўйларим анча вақтгача хотирамда сақланиб қолса ажабмас.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.