Саломатлик, соғлом турмуш тарзи - глобал мавзу. Бутун дунё бўйлаб, кўзга кўринган йирик ташкилотлар томонидан инсон саломатлигини сақлаш, умр давомийлигини узайтириш мақсадида доимий равишда тадқиқотлар ўтказилиб келинади.
Бугун дунё бўйича аҳоли сони 7 миллиарддан ошди. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 34 миллионга етди. Айни вақтга келиб, туманимиз аҳолиси 188 мингдан ошди ва йилига ўртача 3,4 минг кишига кўпаймоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 40 фоизидан кўпроғи озиқ-овқат танқислиги ва ичимлик суви етишмаслигидан азият чекади. Бу бўйича ташкилот томонидан кўплаб дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, тинчлик бўйича 2020 йилги Нобель мукофотини шахс ёки шахслар эмас, дунё бўйлаб очарчиликдан азият чекаётганларга озиқ-овқат етказиб берадиган БМТнинг инсонпарварлик ташкилоти - Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури лойиқ кўрилгани ҳам бежизга эмас. Бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий ва овқатланиш маданиятини юксалтириш нафақат бутун дунё ҳамжамияти, балки мамлакатимиз олдида турган долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ваҳолангки, соғлом турмуш тарзига амал қилиш биздан кўп нарса талаб қилмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, нотўғри овқатланиш сабабли ҳозирги кунда дунёда 2 миллиард инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди,ортиқча вазндан азият чекишмоқда. Шу туфайли 150 миллиондан ортиқ болалар ўсиш ва ривожланишда орқада қолаётганлиги кузатилмоқда.
Лекин, дунёнинг бошқа кўпгина халқларидан фарқли равишда, биз жаннатмакон юртда яшамоқдамиз. Юртимизда 4 фаслнинг ҳам ўз вақтида келиши, ҳавомизнинг мусаффолиги, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳам яшил майдонлар, дарахтзорлар, истироҳат боғлари кўплиги соғлом турмуш тарзига риоя этиб, узоқ умр кўришимиз учун имконият эмасми?
Юртимизда ушбу масалага давлат даражасида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 ноябрдаги ПҚ-6099-сонли қарори ишлаб чиқилди васоғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш бўйича назрий билимларни амалиётга кенг татбиқ қилишга киришилди. Қарорнинг бош мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний ҳаракатчанлик меъзонларига амал қилиш ва уни кенг тарғиб этишга қаратилган.
Хусусан, касалликнинг даволашга кетаётган маблағларни ҳисобласак, унинг ўрнига олдини олиш қанчалик муҳимлигини тарғибот қилишимиз кераклиги маълум бўлади.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда. Агар 2016 йилда 5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2019 йилда бу миқдор 12 триллон сўмни ташкил этмоқда. Кўрилаётган самарали чора-тадбирлар натижасида бутун дунёда умр давомийлигининг ўртача кўрсаткичи аёлларда 74 ёшни, эркакларда эса 69 ёшни ташкил қилиб турган бир вақтда юртимизда аҳолининг ўртача умр давомийлиги эркаклар учун – 71,4 ёш, аёллар учун эса – 76,2 ёшни ташкил этмоқда. Бироқ, доно халқимиз таъкидлаганидек, касалликни даволагандан, унинг олдини олган афзал. Тиббиёт соҳасида олиб борилган илмий тадқиқотлар касалликларнинг 70 фоизи овқатланиш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқишини кўрсатмоқда. Табиий маҳсулотлардаги витаминлар бугун дорихоналарда сотилаётган витаминлардан кўра анча фойдалироқ эканлиги ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Ваҳолангки, инсон организми учун зарур табиий маҳсулотларнинг барчаси юртимизда, хусусан, туманимизда ҳам етиштирилади.
Туманимиз статистик маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 1839 киши четга кетган, 2278 киши четдан кириб келган. Рақамлардан кўриш мумкинки, туманимиздан четга чиқиб кетаётганлардан кўра қайтиб келаётганлар кўпроқ. Нима учун? Туманимизнинг ер майдони 75 200 гектар бўлиб, шундан қишлоқ хўжалиги ерлари 54 297,9 гектар, ўрмонлар 1 226 гектар, давлат ҳимоя қилувчи ихота дарахтлар 1 008 гектар, теракзорлар 217,9 гектар, яйловлар 17 минг гектар, лалми ерлар 12 минг гектарни ташкил қилади. Сўнгги йилларда лалми ерларда боғ ва ёнғоқзорлар ташкил этилди ва бу жараён давом этмоқда. Кўриш мумкинки, туманимизнинг катта қисмини яшиллик ташкил қилади. Ҳавомиз тоза, сувимиз мусаффо, қарийб барча турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ўзимизда етиштирилади. Хусусан, жорий йилда вилоятдаги энг кўп мева-сабзавот ва дуккакли экинлар Булунғур тумани ҳиссасига тўғри келиб, туманда 26 минг тоннадан кўп мева, қарийб 39 минг тонна узум, 160 минг тонна сабзавот етиштирилди. Бир сўз билан айтганда, туманимиз иқлими яшаш учун қулай. Инсон саломатлиги учун фойдали бўлган қарийб барча табиий маҳсулотлар туманнинг ўзида етиштирилади.
Хусусан, Ниёзмат, Небўса, Ўроқли, Исори Ўроқли, Чангал-1 ва Булунғурариқ маҳаллаларида лавлаги, шолғом, сабзи, дуккакли экинлар туманнинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўпроқ етиштирилади. Соҳибкор, Бўдана, Оқтош, Эрганакли, Олмазор, Мингчинор, Гулзор маҳалаларида помидор, бодринг, пиёз каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўп етиштирилади. Мирзаариқ, Эсонтурди, Элобод, Каттақишлоқ-1, Саховат маҳаллаларида картошка кўп етиштирилса, Чўянтепа, Чорбоғ маҳаллалари узумчиликка ихтисослашган. Қўнғирот, Зарафшон, Гулобод маҳаллаларида кўчатчилик ва кўкатлар етиштиришга кўпроқ эътибор қаратилади. Ғўбдин, Лалмикор, Боғбон маҳаллаларида йирик ва майда шохли чорвачилик ва паррандачиликка кўпроқ урғу берилади.
Хуллас, деярли барча турдаги сабзавот, мева, полиз экинлари, кўкатлар, гўшт маҳсулотлари туманимизнинг ўзида етиштирилади. Ҳаттоки цитрус мевалар етиштириш ҳам йўлга кўйилмокда. Хусусан, Зарафшон маҳалласида 100 та 2 сотихли иссиқхоналар барпо этилмоқда. Мингчинор маҳалласида ҳам 50 та 2 сотихли иссиқхоналар қуриш режалаштирилган. Келгусида туманнинг Ғўбдин массивида 30 гектар майдонда лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналарни қуриш ишлари режалаштирилган.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзи учун бизда барча имкониятлар етарли ва биздан кўп нарса талаб қилинмайди. Бунинг учун бир неча оддий қоидаларга амал қилишмиз кифоя. Жумладан, кун тартибини тўғри ташкил этиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом овқатланиш, жисмоний фаол бўлишимиз лозим. Аслида буни ҳаммамиз биламиз. Ўзимиз учун нима фойда, нима зарар эканлиги ҳақида озми-кўпми тушунчамиз бор. Аммо, қизиғи шундаки, била туриб, негадир кўпчилигимиз бунга амал қилмаймиз! Оддий мисол, тамаки ва алкогол маҳсулотларининг инсон саломатлиги учун зарарли эканлигини ким билмайди? Бугун сигареталар қутисига “Чекиш инсонни ўлдиради”, “Тамаки ўпка ракига олиб келади” каби огоҳлантиришлар очиқ-ойдин ёзиб қўйилган. Оламиз, ўқиймиз ва била туриб чекамиз. Қани бунда мантиқ? Нега нима зарар эканлигини билиб туриб шу одатлардан воз кечмаймиз? Менимча, бизга соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимларнинг ўзи камлик қилмоқда. Шу боисдан, сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамияти, хусусан, юртимизда ҳам соғлом турмуш тарзининг тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, туман ҳокимлиги, Тиббиёт бирлашмаси ва маҳаллалар ҳамкорлигида “Саломатлик кунлари” шиори остида кўргазмали семинарлар, тарғибот ишлари олиб борилмокда. Мисол учун, "Меҳржон" ва "Соҳибкор" маҳаллаларида “Салат сайли”, “Овқатланиш ярмаркалари” ўтказилди.
Эслатиб ўтиш лозимки, ҳар бир маҳсулотнинг инсон организми учун белгиланган зарурий миқдори бор. Мисол учун: гўштнинг 1 кунлик меъёри 100-150 грамм атрофида, сут ва сут маҳсулотларининг меъёри 400 грамм, мевалар 200 грамм, сабзавотлар ва кўкатларнинг кунлик истеъмол меъёри 400 граммгача.
Гўшт мавзусида гап кетганда айтиб ўтиш лозимки, ҳамма оилада ҳам шароит бир хил эмас, меъёридан кам истеъмол қиладиган оилаларимиз ҳам бор. Лекин, аксарият кўпчилигимиз нархи қиммат бўлмаган сабзи, пиёз, лавлаги, кўкатлар ўрнига гўшт ва хамирли овқатларни меъёридан ортиқча истеъмол қиламиз. Қолаверса, фақат мол, қўй гўшти эмас, парранда ва қуён гўштини ҳам рационимизга киритишимиз лозим.
Донолардан бир нақл бор: Эрталабки овқатни ўзинг е, тушки овқатни дўстинг билан е, кечки овқатни душманингга бер. Бугун кўпчилик инсонлар нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатлилик натижасида ортиқча вазн, юрак-қон томир, ошқозон, ичак, асаб ва буйрак тизими касалликларидан азият чекади. Кўпчилигимизнинг қон-қонгимизга сингиб кетган иллатларимиз бор. Мисол учун, кечқурун ёғли ош, хамирли овқатлар, ҳазм бўлиши қийин таомларни истеъмол қиламиз ва ҳеч қанча ҳаракат қилмасдан ётиб ухлаймиз. Шу каби калорияси юқори бўлган овқатларни истеъмол қилганимиз ҳолда, шунга яраша жисмоний ҳаракатда бўлмаймиз. Бугун айниқса, техникалар кўпайиб, инсонлар бир қадам жойга ҳам транспортда бормоқда.
Жисмоний фаоллик ҳақида гап кетар экан, соғлом турмуш тарзига риоя қилишда спорт ва жисмоний тарбиянинг роли катта эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилдаCovid - 19 инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 1 миллион 41 мингдан ошди. Ёш, жинс, миллат, мансаб танламаётган бу офатдан камҳаркат, сурункали касалликлари бор, иммунитети паст кишилар айниқса кўп жабр кўришмоқда. Аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиб юрган, жисмоний фаол қатлами эса ушбу касалликни енгил ўтказишмоқда. Шундай экан, ҳаётимиз давомида соғлом турмуш тарзига амал қилишимиз муҳим. Бугун туманимизда спортни кенг тарғиб қилиш борасида ҳам қилиниши зарур бўлган ишларимиз, фойдаланилмаган имкониятларимиз ҳам етарлича.
Хусусан, спорт соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида туманимиздан бир қанча номдор спортчилар етишиб чиқди. Мисол учун, Мўминжон Абдуллаев юнон-рум кураши бўйича Олимпия ўйинлари қатнашчиси, Санжар Мухторов паратаеквон-до бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори, қизларимиз Лобар Лутфуллаева, Ситора Турдибекова бокс бўйича аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати олтин медали соҳиблари бўлишди. Албатта, биз улар билан фахрланамиз. Бундан ташқари, тумандаги Бўдана маҳалласидаги яшовчи Абдураҳим Бобоқуловлар оиласи оилавий спорт билан шуғуланишади. Янгиобод маҳалласидан Бахтиёр Ҳасанов бугунги кунда 65 ёшда бўлишига қарамасдан, югуриш бўйича нуронийлар ўртасида ўтказиладиган вилоят ва республика беллашувларида доимий иштирок этиб келади. Шунингдек, Булунғур маҳалласидан Дилором Ишманова 56 ёшда бўлишига қарамасдан, вилоятимизда ўтказиладиган “Учкураш”спорт беллашувларида доимий равишда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ушбу спорт фидоийларининг ҳаёт йўли, тажрибаси ва кун тартибини ҳам кенг тарғиб этишимиз лозим.
Бугунги кунда туманда жами 368 та спорт иншоотлари мавжуд бўлиб, шулардан 54 таси ёпиқ спорт иншоотлари, 288 таси очиқ майдонлардир. Буларнинг 242 таси умумтаълим мактабларига, 2 таси касб-ҳунар мактабларига, 7 таси БЎСМга тегишли майдончалардир. Бундан ташқари, туманимизда тадбиркорларга тегишли 26 та сунъий қопламали майдонлар мавжуд. Агар ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, ушбу иншоотлардан 26 фоиз атрофидаги аҳолимиз фойдаланишар экан. Таълим муассасаларига тегишли ушбу спорт заллари ва ўйин майдончаларидан фақатгина ўқув жараёнларида фойдаланилиб, дарсдан ташқари вақтларда деярли фойдаланилмайди, десак тўғри бўлади.
Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва спортга жалб қилиш, бунинг учун шароит яратиб бериш мақсадида эндиликда маҳалла аҳлининг дарс машғулотларига халал бермаган ҳолда фойдаланишларига имконият яратиб берамиз. Бу ишларни ташкиллаштириш тўғридан-тўғри маҳалла раислари, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи спорт мураббийлари ва профилактика инспекторлари зиммасида бўлади.
Соғлом турмуш тарзи ҳақида сўз борар экан, бу жараёнда аввало ўзимиз шахсий намуна бўлишимиз лозим. Туманда қарийб 2 ойдан буён ҳафтанинг шанба кунлари “Шанба – спорт куни!” лойиҳаси доирасида турли оммавий спорт тадбирлари, ўртоқлик беллашувлари ўтказилиб келинмоқда,
Мана, ўтган шанба куни ҳам “Саломатлик учун 5 минг қадам” шиори остида эртлабки оммавий юришларни бошлаб юбордик ва бу каби оммавий лойиҳаларни келгусида аҳоли орасида анъанага айлантиришни мақсад қилганмиз.
Туман ҳокимлиги бошчилигида тумандаги барча корхона ва ташкилотларда ҳафтанинг шанба кунлари “Спорт куни” этиб белгиланади. Меҳнат жамоаларида спорт билан шуғулланишлари учун зарурий имкониятлар яратиб берилади.
Маҳаллаларда жамоатчилик асосида спорт мураббийлари фаолияти йўлга қўйилади. Спортни қўллаб-қувватлаган ва кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини яхши тарғибот қилган маҳаллалар, меҳнат жамоалари туман ҳокимлиги томонидан доимий равишда рағбатлантирилиб борилади.
Хулоса қилиб айтганда, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ўз қўлимизда. Бунинг учун барча зарур шароитларимиз етарли. Тиббиёт, спорт ходимлари, мутахассислар томонидан тавсия этилаётган меъёрларга амал қилишимиз, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларимизни ҳам шунга ундашимиз, мажуд имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Ўшандагина соғлом фарзандлар дунёга келади, она ва болалар ўлими камаяди, бир сўз билан айтганда, туманимиз аҳолиси соғлом бўлади. “Соғлом танда соғ ақл” деганларидек, тани, ақли соғлом юртдошларимиз билан ҳаётнинг ҳар жабҳасида ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб борамиз. Шундай экан, соғлом турмуш тарзи ҳаммамизнинг ҳаёт меъзонимиз ва умумий мақсадимиз бўлиши керак.
Баҳодир БАҲРАМОВ,
Булунғур тумани ҳокими.