Гиёҳвандлик ХХ1 асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бўлганлиги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётганинсон билиб-билмай бу кўчага кириб қолса ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни хақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар ота-онасининг хатоси оқибатида бир умр мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар, зеро фақат соғлом ота-оналаргина соғлом зурриёдни дунёга келтиради. Ҳеч бир инсон онадан гиёҳванд бўлиб дунёга келмайди. Ҳатто гиёҳванднинг боласи ҳам.
Инсон ҳар доим ўз орзу интилишлари, мақсад ва режалари йўлида ҳаракат қилади. Агар истаса ҳар бир киши жамият ривожи йўлида улкан ишлар амалга ошириши мумкин. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таҳсил олиши, эркин касб танлаши, қизикарли истеъдодини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина ўша шарт-шароитларни кўра билиш ва ундан оқилона фойдаланиш лозим. Бироқ, билиб-билмай эгри йулга кириб қолаётганлар хам афсуски, орамизда йуқ эмас.
Гиёҳвандлик кўпдан бери маълум, масалан, опийга ўхшаган моддаларнинг кайф қилувчи таъсири тўғрисида Шарқий Ўртаер денгизидаги халқлар эрамиздан олдинги икки мингинчи йилда билар эдилар.
Жанубий Осиёга опий экинини эрамиздан олдинги биринчи асрда Искандар Зулқарнайннинг (Александ Македонский) лашкарлари олиб келган. 18-асрда эса опий Ҳиндистондан Шарқий-Жанубий Осиёга тарқалди.Аста секин опий Европа давлатларида пайдо бўляпти. 20-асрнинг охирида опий гиёҳвандлик модда сифатида жуда кенг тарқалиб кетган.
Гиёҳвандлик бу кайф қилувчи моддаларга ўрганиб қолишдир. Охирида касаллик шахс деградацияси ва ногиронликка олиб келади. Аксарият ҳолларда гиёҳвандлик оғир кечади ва ўлим билан тугайди.
Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки беэтиборлик сабаб бўлади.
Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналарининг фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволлиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Фарзанднинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, энг аввало, оила бошлиқларга боғлиқ. Бу борада меҳрибон ота-оналар зиммасига катта маъсулият юкланади. Демак, “Аср вабоси” деб аталувчи гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашишга фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, жамиятдаги ҳар бир инсон маъсул. Мақсад эса, дунёни гиёҳвандлик балосидан сақлаш, инсоният саломатлигини асрашдир. Бу заҳри қотилнинг хумори тутиб, одам талвасага тушган пайтида бир неча грамм қора дори эвазига ёки бир лаҳза бўлсада, роҳатланиш учун ҳар қандай тубанликка тайёр туради, ҳатто, энг оғир кўринишдаги пасткашликка ҳам.
Гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш қуйидаги оқибатларга олиб келади:
Талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, барбод бўлган оила қисмати, мажруҳ фарзандлар, беҳаёлик, жиноят, қотиллик ва ўлим. Аср вабосидан эхтиёт бўлинг.

ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ
Фаррух ФАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд ҳарбий прокурорининг ўринбосари.
Эргаш ТЛАБОВ,
Самарқанд ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси.