Бугунги кунда мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар тамонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг учун йил бошидан буён маҳалла ёшларига амалий кўмаклар бериб келаётган ёшлар етакчиларининг ўрни ва аҳамияти катта бўлмоқда, деб бемалол айта оламиз. Газетамизнинг бу галги қахрамони ёш, шижоатли ёшлар етакчиларидан бири Зафар Туробовдир.
Ҳозирда туманимизнинг “Соҳибкор” маҳалласида ёшлар етакчиси вазифасида фаолият юритиб келаётган йигит шу чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг фахрий ёрлиғига муносиб кўрилди. Биринчи чорак якуни бўйича қилинган ишлар сарҳисоби бўйича рағбатлантирилган Зафаржон шу кунга қадар маҳалласида истиқомат қилаётган ёшларнинг орзу-истаклари, муаммоларига бефарқ бўлмаган.
У Самарқанд Давлат чет тиллар институтининг “Таржима назарияси ва амалиёти”факультети корейс тили йўналишини тамомлаган. Бугун кўпчилик ҳамкасбларига намуна бўлаётган йигит 2019-2020 йилларда Корея Республикасининг Сонмоон Университетида малака оширган. 2020-2021-ўқув йилида 71-умумтаълим мактабида ёшлар етакчиси сифатида мактаб ўқувчиларини қўллаб-қувватлаган. Айни кунларда эса маҳалласи ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўрасида оммалаштириш, беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
-Мана шу ишларимиз самараси ўлароқ, Фирдавс исимли йигитимиз “Беш ташаббус Олимпиадаси” доирасида ўтказилган “Ёшлар овози” кўрик-танловининг бахшичилик йўналишининг вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритиб, Республикада фаол иштирок этди, - деди Зафаржон биз билан суҳбатда.
Соҳибкор ўғил-қизларини ижтмоий фаоллигини ошириш, иқтидори ва истеъдоди ва ҳар қандай эзгу ташаббусини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашаётган етакчи “Ёшлар дафтари” платформасига киритилган 16 нафар ёшларга е-ауксион орқали ер олишларига кўмалашган. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган, аммо контракт тўловини тўлашга имконияти кам бўлган 3 нафар талаба ёшларига туман Ёшлар ишлари агентлигининг “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тўланишига ёрдамлашган.
Аслини олганда ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Дейлик, Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтирилиб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади. Бу эса, давлат томонидан уларнинг мамлакат манфаатлари йўлида эркин ижтимоийлашуви ва ўзини самарали номоён этиши учун ёрдам беради. “Соҳибкор” маҳалласининг ёшлар етакчиси ҳам мана шундай мақбул шароит ва имкониятлардан тўғри фойдаланиб, биринчи чорак якунидаёқ рағбатлантирувчи совғага эга бўлди. Бу эса унга келгуси ишларига куч, ғайрат, шижоат бағишлайди.
Малика ИБРОҲИМ қизи.