Бугунги ўрим-йиғим қизғин давом этаётган долзарб кунларда туманимиз ғаллакорларининг самарали меҳнати, пешона тери эвазига етиштирилган мўл ғалла ҳосили қабул қилиш пунктларига пешма-пеш етказиб берилмоқда. Жорий йилда ғаллакорларимиз давлатимиз омборига 18648 тонна ғалла етказиб беришга бел боғлаганлар.

- Шу кунгача туманимиздаги фермер хўжаликлари ғаллакорлари дон қабул қилиш пунктига режадагидан ҳам ортиқроқ сара дон етказиб бердилар, - дейди туман Қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилмурод Абдуллаев. – Ғаллазорлардан қабул пунктига дон маҳсулотларини етказиб беришда ҳайдовчи Миржалол Исоқов кўпчиликка намуна бўлмоқда. У ўзи бошқараётган “Зил-130” маркали юк машинасида шу кунгача 70 тоннадан ортиқроқ сара дон етказиб берди.
Юк машиналарида кетма-кет келаётган ғаллани тушириш ва уни тегишли тартибда жойлаштириш ишларини бригада бошлиғи Наби Яхшибоев бошчилигидаги Шоҳжаҳон Мустафоқулов, Акбар Сайдалиев, Бекзод Тожибоев каби ишчилар амалга оширишмоқда.
Туманимиздаги ғалла қабул қилиш шахобчасида сара дон маҳсулотларини қабул қилиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.