Донорликдек олийжаноб, шарафли вазифани бажарувчи кишилар кимлар бўлиши мумкин? Улар миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва лавозимидан қатъий назар, 18 -60 ёш доирасидаги ҳар бир соғлом шахс булиши мумкин.
Донор бўлиб, қон топширган шахслар шуни тўғри тушунишлари керакки, улар топширган қон шифохона бўлимларида оғир бетоб булиб ётган касалларнинг тезда соғайиб, ҳаётга қайтишлари учун жуда муҳим, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган бебаҳо даво ҳисобланади.
Ҳар бир соғлом организм қон топишириш эвазига инсонийлик вазифасини бажарган ҳолда, қанчадан-қанча шифохоналарда оғир бетоб бўлиб ётган инсонлар ҳаётини сақлаб қолиб, олийжаноб ва шарафли донор номига сазовор бўладилар. Ҳар қандай инсон зоти бор эканки, у ҳеч қачон "мен касал бўлмайман" дея олмайди ва бунга ҳеч ким кафолот бера олмайди. Агар бугун сиз қон топшириб, оғир бетоб бўлиб ётган беморлар ҳаётини сақлаб қолсангиз, эртага бошингизга кулфат тушиб қолганида, бошқа бировлар сиз учун қон топшириб, тезда муаммоларингизни ҳал қилиб, соғайиб ҳаётга қайтишингизга ёрдам беради.
Қон - шундай бебаҳо, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ва сунъий равишда ишлаб чиқиб бўлмайдиган бебаҳо даво ҳисобланади. Қон олишнинг ягона йўли соғлом кишилардир. Агар сиз қон топширсангиз, топширган қон ўрнини тезда янги қон шаклли элементлари билан тўйинган қон тўлдириб, организмнинг иммунитети янада ошиб, касалликларга қарши курашиш фаолиятини оширган бўласиз.
Тасаввур қилиб кўринг, шифохоналарда ҳар хил кутилмаган ҳолда жароҳат олиб, кўп қон йўқотиб, бетоб бўлиб ётган беморлар сизнинг қонингизга муҳтож. Оз миқдорда қон топшириш эвазига Сиз бир беморни ҳаётга, ўз оила аъзолари бағрига қайтишига, ҳаётнинг кувончли онларини кўришга каттадан-катта ёрдам берган бўлиб, ҳаётини сақлаб қоласиз. Бу инсонлар Сизлардан бир умр миннатдор бўлиб, Сиз учун яхши ниятлар сўраб юради. Оила аъзолари қувончли кунларини кўришга муяссар бўлади. Бу ёрдамингиз билан сиз нафақат бетоб одамларни ҳаётга қайтаришингиз, балки ҳар бир соғлом одам олдидаги инсонийлик бурчини бажарган ҳолда олийжаноб ва шарафли бурчни адо этган бўласиз.
Бошларига кулфат тушиб, автоҳалокат ёки ҳар хил кутилмаган нохуш жароҳат олиб, кўп қон йўқотган инсонлар ким бўлишларидан қатъий назар "инсон" саналади. Бу инсонлар ҳеч қачон шу кунлар бошига тушишини билмаганлар. Улар сизнинг қонингизга жуда-жуда муҳтож. Агар қон топшириб, уларга ёрдам берсангиз, уларни ҳаётга қайтаришингиз мумкин. Сизлар қон топшириб, кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган ҳолда, ўз организмингизда содир бўлаётган баъзи нохуш ҳолатлар - касалликларнинг олдини олган бўласиз.
Ўтмишда кўпчилик табиблар организмдаги ҳар хил бузилишларни қон чиқариш йўли билан даволаб келишганлиги маълум. Масалан, ҳар хил асбоблар ёрдамида организмидан қон чиқариб ташланган ёки зулук қўйиш эвазига организмдаги қон орқали зарарли моддаларни чиқариб ташланганлиги маълум. Организмдаги суяк кумикларидан қоннинг ёш шаклли элементларига бой қон ишлаб чиқилиб, йўқотилган қон ўрнини тезда тўлдиради. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда қон топшириб, олийжаноб инсонийлик вазифасини адо этган бўласиз.
Нодира ЁРМАТОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси қон қуйиш бўлими шифокори.
Зиёда САТТАРОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси Аҳолини соғломлаштириш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлинмаси масъул услубчи шифокори.