Дарҳақиқат, деҳқончилик томорқадан бошланади. Ҳар йилгидек бу йил ҳам фермерлар ва аҳоли шахсий томорқаларида сархил ва сифатли, инсон оргинизми учун зарур витаминларга эга бўлган сабзавотлар ва кўкатлар билан тўкин қилиш ишларига қатъий киришишган. Уларнинг плёнка остига қадаган уруғлари аллақачон униб чиққан. Айниқса, томорқасига сифатли ишлов бериб, экинларни меҳр билан парвариш қилаётган инсонларнинг рўзғоридан барака аримайди. Дастурхони тўкин ва файзли бўлади.
Эртаги сабзавот ва кўкатлар экиш ишлари билан шуғулланаётган деҳқонларимиз туманимиз иқлим шароитига мослашган, касалликларга чидамли ҳамда серҳосил навлардан фойдаланишлари лозим. Бунда экин майдонлари кузда чопиқ қилинган бўлса кўчатларни экиш ишлари кечикмайди ҳамда ҳосил 10-15 кун илгари етилади. Ҳосилдорлик 20 фоизга кўпаяди.
Пиёз, сабзи, редис, ош лавлаги, укроп, кашнич, петрушка, салат уруғлари ҳамда эртаги картошка туганагини 25 мартгача экиб тугатиш керак. Пиёзнинг маҳаллий “Истиқбол”, “Зафар”, “Самарқанд қизили”, хориждан келтирилган “Дайтон”, “Сибирь”, “Радар”, сабзининг маҳаллий “Мшак”, “Нурли”, “Мирзойи сариқ”, “Мирзойи қизил”, “Зийнатли”, редиснинг “Лола”, эртапишар ош лавлагининг “Диёра”, “Ягона”, хорижнинг “Бордо 237”, “Бикарис”, “Пабло Ғ”, “Водон Ғ”, укропнинг “Ўзбекистан 243”, “Ором”, петрушканинг “Нилуфар” каби серҳосил нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Уруғларни қадаш чоғида улар бегона ўт уруғларидан тозаланиб, сўнгра сепилган уруғ устига чириган маҳаллий ўғит ёки ёғоч қипиғи ҳамда тоза қумни ҳам элаб сепиш керак.
Мўл ҳосил олиш асосан уруғликка боғлиқ. помидор, бақлажон, булғор қалампири каби иссиқсевар сабзавот кўчатларини сифатли тайёрлаб олиш ва соғлом ниҳол олиш учун бошқа навларни аралаштирмаслик лозим. Помидорнинг маҳаллий “Ситора”, “Шафак”, “Сурхон 142”, “Заковат”, “Нурафшон”, “ТМК-22”, “Авиценна” сингари эртаги сабзавотларни ўз вақтида экиб, парваришлаб борсак, мўл ҳосил олишга эришишимиз муқаррар.
Ҳазратқул САФАРОВ,
олим-агроном.
Акром ҲАМРОЕВ,
фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари туман Кенгаши раиси.