Каттаю кичик маъракаларда, жамоат жойларида кўпинча гап мавзуси айланиб йўлларга бориб тақалади. "Нега кўчамиз ҳанузгача таъмирланмаяпти?", "Бу йўл қаёққа қарайди?", "Ҳеч бўлмаса, тош тўкишса бўлади-ку", "Раҳбарлар қаёққа қарашяпти?" деган гап-сўзлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Халқимиз орасидаги бу каби гапларга ойдинлик киритиш мақсадида йўлсозларимиз томонидан амалга оширилаётган ишларга Булунғур тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси фаолияти мисолида бир қур назар ташлашни лозим топдик.
"Олмаота - Бишкек - Тошкент - Термиз" халқаро автомобиль йўлининг 1037-1061 километр қисми, яъни 24 километри Булунғур тумани ҳудудидан ўтади. Халқаро аҳамиятга молик ушбу йўлнинг туман ҳудудидан ўтган қисми Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Самарқанд вилояти йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси назоратида бўлиб, таъмирлаш, йўлларни кенгайтириш ишлари мана шу бошқарма томонидан амалга оширилади. Шунингдек, туман ҳудудида вилоятлар марказларини бир-бири билан боғловчи давлат аҳамиятига молик йўллар 79 километрни, туман маркази билан хўжаликлар, маҳаллаларни боғловчи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар 175 километрни, умум фойдаланишдаги йўллар эса 278 километрни ташкил этади. Бундан ташқари, туман ҳудудида 1200 километрдан ортиқ ички йўллар мавжуд.
- Йўлсозларимиз ўтган йилда йўлларни жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича 2520350 минг сўмлик иш бажариб, зиммаларига юклатилган вазифаларни ортиғи билан адо этишди, - дейди Булунғур тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Холиқул Норбеков. - Жорий йилдаги режаларимиз янада улкан. Йўлларни жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров ҳамда кўкаламзорлаштириш учун 6,5 миллиард сўмликдан зиёд ишларни бажаришимиз керак. Ушбу маблағнинг 5 миллиард 80 миллион сўми Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 майдаги "Самарқанд вилоятининг Булунғур туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ажратиб берилгани лойиҳанинг нечоғли муҳим эканлигидан далолат беради. Юқоридаги маблағнинг 4 миллиард 174 миллион сўми туман ҳудудидаги давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларда зарур тадбирларни олиб боришга йўналтирилади.
Ушбу фикрларни рақамларга таяниб давом эттирадиган бўлсак, 2017 йилда Инвестиция дастури бўйича М-39, яъни "Олмаота - Бишкек - Тошкент - Термиз" халқаро автомобиль йўлининг 1025-1037 километр қисмида ишлар ортиғи билан бажарилиб, йиллик режа 103 фоизга адо этилди. Шунингдек, жорий таъмирлаш, йўлларни сақлаш, қишки қаров ишлари маҳаллий аҳамиятга эга йўлларда 100 фоизга, кўкаламзорлаштириш ишлари эса 180 фоизга уддаланди. Эътиборлиси, бу ишлар давлат аҳамиятидаги йўлларда ҳам ортиғи билан якунланди.
Туманнинг ички йўлларида 1 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиб, 10 километр йўл жорий таъмирдан чиқарилди. Шу жумладан, Булунғур шаҳри марказида 508 миллион сўмлик ишлар бажарилиб, 15 километрга яқин йўлларга асфальт-бетон қопламасаи ётқизилди. Бундан ташқари, туман марказидаги, хўжаликлар, маҳаллалар ҳудудидаги 10 километрдан ортиқ ички йўллар сифатли жорий таъмирдан чиқарилди. Туман марказини хўжаликлар билан боғловчи йўллар таъмирланяпти. Инвестиция дастури бўйича Булунғур шаҳрида 20 километрдан ортиқ узунликдаги кўчалар асфальт қилинди. "Эрганакли" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Болғали қишлоғида жойлашган аллома Хўжа Ҳофиз Меросий номи билан аталувчи мақбара бугунги кунда туман кўркига айланди. Меросий зиёратгоҳига олиб борувчи йўлга тош тўкилиб текисланди.
Айни шу кунларда давлат аҳамиятидаги Булунғур - Ургут, Самарқанд - Булунғур - Аламли, Булунғур - Челак, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган Булунғур - Ипак йўли, Булунғур - Фозил Йўлдош, Булунғур - Ҳамид Олимжон, Булунғур - Қум Мўғол, Булунғур - Навоий йўлларида жорий таъмирлаш ишлари қизғин давом эттириляпти. Бу хайрли тадбирларни амалга оширишда корхонанинг 50 дан ортиқ йўлсозлари самарали меҳнат қилишяпти.
- Йўлларни қуриш, таъмирлаш ва асфальт қилиш ишларида йўл қурилиши машиналарининг хизмати беқиёс, - дейди Булунғур тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси автомобиль йўлларидан фойдаланиш бўлими бошлиғи Барот Бегалиев.
- Ҳамюртларимиз йўл қурилиш машиналари ва техникаларимиз ҳақида кенгроқ тушунча ва тасаввурга эга бўлишлари керак, деб ўйлайман. Айни пайтда корхонамизда 23 та машина-механизмлар ва транспорт воситалари мавжуд. Яъни 3 та МАН, экскаватор, ўзи юрар каток, автогрейдер, йўл фрезаси ҳамда бошқа техника ва ускуналар шулар жумласидандир. Йўл қурилишида улар кучидан унумли фойдаланиляпти. Хусусан, тупроқ қатлами каток ва шиббалагичлар билан зичланса, йўл қопламаларини ётқизишда шағал ёйгич, йўл четларини қия қиладиган мослама ва шағални зичлайдиган вибро-катоклар асқотади. Асфальт-бетон ётқизишда махсус қориштиргич ва ёйгичлардан, цемент-бетон қоришмасини текислаш, зичлаш ва силлиқлашда замонавий пардозлаш машиналари қувватидан фойдаланилмоқда.
Қуриш-таъмирлаш ишлари давомида техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилмоқда. Бунинг учун, аввало, олиб борилаётган ишларга халақит бермаслик учун техника воситалари ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиб туриш, шунингдек, ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларни хавфли участкалар, иш жараёнлари ҳақида огоҳлантириш мақсадида шартли белгиларни ўрнатиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Йўл қурилиши майдонлари, шаҳар ҳамда қишлоқ кўчаларига, махсус жойларга осиб қўйиладиган ушбу белгилар хавфсизликни таъминлаш баробарида иш самарадорлигини оширишда асқотяпти.
Маълумки, ҳар бир жамоада меҳнатсеварлиги, малака ва тажрибаси билан бошқаларга ибрат бўлувчи, атрофдагиларга намуна кўрсатувчи соҳа фидойилари бўлади. Уларнинг самарали меҳнатлари эришилган ютуқлар асосини ташкил этади. Шу маънода корхона йўлсозларидан бўлим бошлиғи Рашид Маматқулов, йўл усталари Ориф Наҳалбоев, Олимжон Ғаниев, ҳайдовчилар Холбой Муродов, Мамараим Умаров, автогрейдерчи Муҳаммад Қаршиев, ўзи юрар каток ҳайдовчиси Асад Жалилов, ишчилар Карим Муродов, Улуғбек Умирзоқов, Обид Сафаров, Тўйчи Ҳайдаров, Санжар Асадов, Бахтиёр Аҳмедов, Қўзимурод Қобиловнинг хизматлари таҳсинга лойиқ бўлмоқда.
Юқоридаги фикрлар, келтирилган рақамлардан кўриниб турибди-ки, ҳудудларда йўлсозлик борасидаги ишлар, бунёдкорлик тадбирлари босқичма-босқич тарзда амалга ошириляпти. Соҳа мутахассислари, ишчи-хизматчилари ҳар қандай об-ҳаво ва шароитда ҳам зиммаларидаги вазифаларни ўз вақтида, сидқидилдан адо этишга интилишмоқда.
Албатта, қаерда бўлмасин, туманниижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир турли йўналишдаги лойиҳалар, уларда белгиланган ишлар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилгач, ҳудуд ижтимоий ҳаёти, қиёфаси тубдан ўзгаради. Бунда эса, шубҳасиз, йўлсозлар хизмати алоҳида ўринга эга.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.
(“Қишлоқ ҳаёти” газетасидан олинди).