“Чангал-1” маҳалласи ёш футболчилари улкан ғалабани қўлга киритишди. Улар ДХХ кубоги вилоят босқичида биринчи ўринни эгалладилар.
- Ғолиблик осонлик билан қўлга киритилгани йўқ, - дейди “Чангал-1” жамоаси мураббийси Аслиддин Исоев. - Иқтидорли ёш футболчилардан ташкил топган жамоамиз 6-умумий ўрта таълим мактаби ўйингоҳида бўлиб ўтган мусобақаларда дастлаб 1-секторга қарашли 15 та маҳалланинг футболчиларини ортда қолдиришди. Ҳар бир сектордан чиққан иккитадан футбол жамоалари ўртасидаги ўзаро мусобақалар “Олимпия” стадионида бўлиб ўтди.

Бу мусобақада ҳам “Чангал-1” жамоасининг футболчилари ғолиб чиқишиб, вилоят босқичига йўл олишди. Самарқанд шаҳрининг Саттепо мавзесидаги спорт мажмуаси стадионида вилоят миқёсида бўлиб ўтган мусобақаларда 16 та жамоа гуруҳларга бўлинишиб, ўзаро курашдилар. Ўз гуруҳида пешқадамлар сафидан ўрин олган “Чангал-1” жамоаси футболчилари кейинги босқичда ҳам муҳим ғалабани қўлга киритиб, финалга йўлланма олдилар.

Финалда “Чангал-1” жамоаси Ургут туманининг “Этак Бешкапа” жамоаси билан учрашадиган бўлди. “Динамо” стадионида бўлиб ўтган финал учрашувида ташаббусни қўлга олган “Чангал-1” футболчилари ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ ҳужумга ўтишди. Натижада, ўйиннинг 23-дақиқасидаярим ҳимоячи ошириб берган тўпга биринчи бўлиб етиб келган ҳужумчи Ботир Исмоилов ургутликлар дарвозабони билан яккама-якка чиқиб, тўпни дарвоза тўрига йўллади. Ҳисоб - 1:0. Ўйиннинг иккинчи тайимида 9-рақамли ҳужумчи Абдувоҳид Умматов ҳисобни 2:0 га етказди. Қарши ҳужумларнинг бирида ургутлик футболчилар ҳисобни қисқартиришди. 2:1. Кескин курашларга бой бўлган бу учрашувнинг сўнгги дақиқаларида “Чангал-1” ҳужумчиси Ботир Исмоилов ҳисобни 3:1 га етказди.
Финал учрашувидаги бу ғалаба “Чангал-1” жамоасига Республика босқичига йўлланма берди. Энди “Чангал-1” жамоаси футболчилари вилоятимиз спорт шарафини Республика босқичида ҳимоя қиладилар. Ғолиб жамоа ва футболчиларни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи А. Аҳмедовлар медаль, диплом ва эсталик совғалари билан тақдирлашди. Шунингдек, энг яхши ҳужумчи, ярим ҳимоячи, ҳимоячи ва дарвозабонларга махсус совғалар берилди.
- Бу улкан ғалабамизга Шовқиддин Лапасов, Азизбек Алиқулов, Фурқат Номозов, Шоҳруҳ Сафаров, Абдувоҳид Лапасов, Абдунаби Мусаев, Абдувоҳид Умматов, Ботир Исмоилов, Бобур Тўрабеков, Шаҳриддин Исрофилов, Шоҳжаҳон Сувонқулов каби иқтидорли ёш футболчилар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Насиб бўлса Республика босқичида ҳам чемпион бўламиз деган умиддамиз, - дейди “Чангал-1” жамоаси сардори Ҳожиакбар Муродов.
Раббим ҲОТАМОВ.