Маҳалламиздаги Юқори Чангал ва Чангал қишлоқларида яшаётган 3212 нафар аҳоли (уларнинг 1565 нафари хотин-қизлар) катта шодиёнага тайёргарликни хонадонларни, ҳовлиларни, кўчаларни ободонлаштириш ишларидан бошлашди. Кўчалардаги мавжуд сув йўллари тартибга солиниб, мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб, оқланди.
Бу ишларнинг бошида маҳалла оқсоқоллари билан бирга фаол хотин-қизлари ҳам бир ёқадан бош чиқариб иштирок этишди. Ҳаммамизни соғинтирган гўзаллик ва ёшариш байрами - “Наврўз” айёми олдидан ободонлаштириш ишлари билан бирга кам таъминланган, туғма ногиронлар, беморлар, кексалар ҳолидан хабар олишни ҳам унутмадик. Бу ташрифимиздан уларнинг қалблари қувончларга тўлди. Бундан ўзимиз ҳам беҳад қувондик.
“Аёл қалбини аёл тушунади”, деганларидай маҳалламиз ҳудудидаги Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ва 6-сон умумтаълим мактаби ҳамда ҚВП хотин-қизларидан иборат гуруҳимиз билан ҳар бир хонадон аҳли, хотин-қизлари билан суҳбатлашдик, уларнинг орзу-ҳаваслари билан танишдик. Ҳамманинг қалбида қувонч, буюк юртимиз келажаги бундан ҳам юксак ва зиёда бўлишини фахр-ифтихор билан гапиришди. Бубиз хотин-қизлар гуруҳимиз аъзолари билан бирга муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мустақил юртимизнинг фаровонлиги учун, кам таъминланган оилаларга, тадбиркорларга, фермерларга, томорқа эгаларига кўрсатаётган улкан ғамхўрликлари ҳақидаги фармон ва қарорлари асосида олиб бораётган тушунтиришларимиз натижсидандир.
Шунингдек, хотин-қизлардан иборат гуруҳимиз аъзолари билан Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ва 6-сон умумтаълим мактаби хотин-қизлари ва ўқувчилари билан ҳам бўлиб ўтган суҳбатларимизда Президентимиз қарорлари, фармонлари ҳақида тушунча бериб, хотин-қизларимиз ўртасида бир-бирига меҳр-оқибатли, аҳил, катта-кичик ёшдагиларга ҳурмат-эътиборли бўлиш каби мавзуларда, сўлим баҳор байрами “НАВРЎЗ”нинг ўзига хос хислатлари тўғрисида тушунчалар бериб ўтдик.
Маҳалламизнинг қўли ширин, пазанда хотин-қизларидан Сурайё, Муҳайё, Раъно, Муқаддас, Лола, Моҳира кабилар “Наврўз” дастурхонига миллий таомларимиздан бўлган кўк сомса, бичак, чучвара, манти, хоним, кўкатли патир нон, ош паловлардан ташқари турли хил пишириқларни тақдим этишди.
Байрам тантаналарида МТМ тарбияланувчилари, мактаб ва коллеж ўқувчилари ҳамда қишлоқ ёшларидан иборат бўлган бадиий ҳаваскорлар ўзларининг баҳор, “Наврўз” ҳақидаги қўшиқлари ва саҳна кўринишлари билан байрам иштирокчиларига завқ-шавқ улашди.
Шу боис маҳалламизда “Наврўз” байрами катта шоду-хуррамлик билан ўтди.
Раъно МУБОРАКОВА,
“Чангал-1” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш
ва оилаларда маънавий- ахлоқий қадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассис.