Халқимизнинг турмуш шароити кундан-кунга яхшиланиб, фаровонлашиб бормоқда. Буни биргина аҳолининг шахсий енгил автомобилларга бўлган талабидан ҳам билса бўлади. Айни пайтда туманимизда деярли ҳар бир хонадонга биттадан енгил автомобиль тўғри келмоқда. Туманимиз йўллари ва ички кўчаларида автомобиллар сони ошганлиги сабабли тирбандликлар юзага келмоқда. Кўпинча эса бу тирбандликлар темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмасида, светофор билан тартибга солинган йўл кесишмаларида, қайрилиб олиш жойларида тажрибасиз ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатланаётган ҳайдовчилар томонидан содир этилмоқда. Натижада ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан баённомалар тузилмоқда.
Қоидабузарлар йўл қўйган қоидабузарликлари учун белгиланган вақтда жойлардаги банк филиалларига бориб, тўловларни амалга ошириб, ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб кетишлари керак. Афсуски, айрим ҳайдовчилар бунга кўпинча амал қилишмаяпти.
Бизга келиб тушган ҳар бир баённомада ҳайдовчининг мобиль телефон рақамлари мавжуд. Биз уларга тегишли ҳужжатлари билан ташриф буюришиб, тўловларни ўз вақтида амалга ошириб кетишларини телефон орқали маълум қиламиз. Бундан ташқари, баённомада яшаш манзиллари кўрсатилгани бўйича туман ПАТбўлимлари орқали ёзма равишда, 15 кун муддат ичида келиб, ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб кетишлари лозимлиги тўғрисидаги огоҳлантириш хатини юборамиз.
Жорий йил бошидан буён қоидабузар ҳайдовчилардан 275 нафари 46 миллион сўмлик баённомаларга асосан ўз вақтида келмаганликлари сабабли тегишли ҳужжатлар туман МИБга мажбурий ундирув учун юборилди. Энди улардан қўшимча тўловлар билан жарималар ундириб олинади.
Шароф БОЙМУРОДОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ маъмурий
амалиёт назоратчиси, сержант.