Туманимизда ҳам йилдан йилга шахсий автомобиллар сони ошиб бормоқда. Айни пайтда уларнинг сони 14.000 тага етган. Катта йўлларда, ички кўчаларда уларнинг белгиланган тартиб-қоидаларга мос ҳолда мунтазам равишда бемалол ҳаракатланишлари учун туман йўл қурилиши бўлими билан биргаликда барча керакли жойларга огоҳлантирувчи ва бошқа йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгиларни ўрнатиб чиққанмиз. Шундай бўлсада, кўпинча йўл ҳаракати белгиларига тўлиқ амал қилмай, йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда қўпол қоидабузарликларни содир этаётган автомобиль ҳайдовчилари ҳам учраб турибди. Уларга тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилмоқда. Энг афсусланарлиси, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда туманимизда спиртли ичимликларни истеъмол қилган ҳолда автотранспортларни бошқараётганларнинг кўплиги. Уларга ҳам тегишли ҳуқуқ органлари томонидан қонуний чоралар кўрилаяпти. Бундан ташқари, ҳозирда мана шундай спиртли ичимликларга майл қўйган ҳайдовчиларнинг маҳаллаларига туман ИИБ ходимлари, профилактика инспекторлари ташриф буюриб, маҳалладошлари орасида муҳокама қилиб, чоралар кўришмоқда.
Маълумки, жорий йилдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари ва қўпол қоидабузарликларнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқотни янада кучайтириш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” этиб белгиланган. Ушбу тадбирни доимий равишда самарали ўтказиш мақсадида туманимизда ҳам ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Туман ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими, пост-патрул хизмати, профилактика инспекторлари ва тергов бўлимлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари мунтазам равишда, график асосида ҳар бир маҳаллада, ташкилот, муассаса ва билим масканларида автомобилларни белгиланган вақтда техник кўрикдан ўтказиб туриш, пиёда ва ҳайдовчиларнинг йўл-транспорт ҳаракатлари қоидаларига ҳар доим тўлиқ амал қилишлари лозимлиги ҳақида суҳбатлар ўтказиб келишмоқда. Амалга оширилаётган ушбу тадбирларнинг барчасининг замирида фуқаролар хавфсизлиги асосий омил этиб белгиланган.
Алижон ТУРСУНОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи.