Одатда аёллар ҳақида гапирилганда унинг меҳрини қуёшга тенглайдилар. Унинг бардоши, матонати ва сабр-тоқати олдида юксак тоғлар ҳам тиз чўкади. Чунки, у ҳар қандай вазиятда ҳам ечим топа оладиган, оиласининг тинчлиги, фарзандларининг соғлиги учунжонини ҳам аямайдиган жасоратли, садоқатли, вафодор...
Лекин... ўз оиласини сақлаб қолиш, фарзандларини отасиз қолдирмаслик, кўнгли ярим, кўзлари мунгли, тўшакка михланиб қолган аёл билан умрини ўтказадиган вафодор эркаклар ҳам йўқ эмас. Шундай кишилардан бири “Деҳқонобод” маҳалласининг Чангал қишлоғида яшовчи Ўлмас Қўчқоровдир.
Унинг суянган тоғи, меҳрибон онаси оламдан ўтди. Меҳнат ҳам, давлат ҳам эгиз деганларидек, кўп ўтмай Ўлмаснинг турмуш ўртоғи Жумагул оғир касалликка чалинди, у бутунлай юролмайдиган бўлиб қолди.
Ўлмас жуда ўғир аҳволда эди, бормаган шифокори, бормаган табибу-фолбинлар қолмади, ҳеч биридан наф топмади.
Рўзғорни тебратиш, ҳотини ва уч нафар фарзандининг ош-овқатини қилиш... уларнинг барча иссиқ- совуғи Ўлмаснинг гарданида қолди. Бу ишларни бажариш эркак киши учун анча мушкул, бундай вазиятда айрим эркак кишилар ҳеч иккиланмай ҳотинини ота-онасиникига олиб бориб ташлайди ёки ҳаммасига қўл силтаб, уйдан бош олиб кетади. Лекин, Ўлмас бу йўлларни танламади. У оилани муқаддаслик даражасига яна бир поғона кўтарди. Ўлмас Жумагулнинг кўнглига қаради, дилини оғритмасликка ҳаракат қилди. Учта бир-биридан ширин фарзандларини ўзи парвариш қилди. Жумагулнинг оёққа туриб кетишига болаларини ҳам, турмуш ўртоғини ҳам ишонтирди.
Болалар бирин-кетин мактабга боришди. Жумагул эса ҳамон тўшакда, лекин улар барибир бахтли. Чунки, улар оила деган буюк қўрғонни сақлаб қолдилар. Фарзандлар тирик етим бўлмай, ота-она меҳрига тўйиб ўсмоқдалар.
Ўлмас оиланинг “рўзғор” деган юкини ёлғиз тортишга мажбур. Шунинг учун унинг оиласига “Деҳқонобод” МФЙ томонидан моддий ёрдам пули чиқариб бериб турилди.
2018 йил Жумагул Қўчқоровага вилоят “Соғлом авлод учун” жамғармаси томонидан ногиронлик аравачаси берилди.
Ўлмасга ўхшаш сабр-тоқатли, матонатли ва бардошли инсонлар бор экан бундай оилаларнинг аёли ҳам, фарзандлари ҳам энг бахтли инсонлардир.
Н.РЎЗИЕВА,
Деҳқонобод МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва
оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.