“Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Қоракамар” қишлоғида яшовчи Яхшибой Искандаров муқаддам бир йил давомида маъмурий жавобгарликка тортилган бўлсада, бундан тўғри хулоса чиқармаган кўринади. Акс ҳолда бугун у яна судда бошини хам қилиб турмаган бўларди.
Жорий йилнинг 13 апрель куни СВОЖЖДЛҚКД ва ДСИ туман бўлими ходимлари билан биргаликда ўтказилган тадбирда фуқаро Яхшибой Искандаров тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, қонунга хилоф равишда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Тадбир давомида унга тегишли бўлган 22 дона 0,5 литр ҳажмдаги “Императорская коллекция” ароқлари, 11 дона 0,5литр ҳажмли “Эллик қалъа” ароқлари, 22 дона 0,5 литрли ҳажмдаги “Боғизағон 53” виноси, 8 та 1.5 литр сиғимли пластмасса идишдаги “Пульсар” пиволари, 20 шиша 0,5 литр ҳажмли идишдаги “Пульсар” пиволари, 9 қути “Викерой”, 16 қути “Кент”, 17 қути “Палмал”, 2 қути “Карвон” ва 9 қути “Астра” сигаретлари, жами 9 турдаги спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари холислар иштирокида олиб қўйилди ва тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Суд ҳуқуқбузар Яхшибой Искандаровга нисбатан жазо тайинлашда унинг айбини тан олишини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, қарамоғида 5 нафар фарзанди борлигини, маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган қонун бузилишларини ихтиёрий бартараф этганлигини инобатга олиб, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига мувофиқ тугатишни ҳамда, иш бўйича ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган умумий қиймати 1. 215.000 (бир миллион икки юз ўн беш минг) сўмлик жами 9 турдаги спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини тегишли тартибда йўқ қилишликни лозим топди.
АҳрорМЕЛИҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши
курашиш Департаменти туман бўлими бошлиғи.