Инсон танасининг бирор жойида оғриқ сезса ёки ҳарорати кўтарилиб, иситма қилса, дарҳол шифокор ҳузурига шошади. Шифокор бемордан қаери оғриётгани, қачондан бери безовта бўлаётгани ва касбига доир бошқа саволларга жавоб олгач, беморни даставвал обдон тиббий кўрикдан ўтказиб, турли замонавий техник ускуналар ёрдамида текшириб кўрганидан сўнг уни керакли дори-дармонлар билан даволай бошлайди. Бемор то бутунлай соғайгунча тўлиқ шифокор назоратида бўлади. Агар бемор ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган ёш бола ёки гўдак бўлса-чи? Улар қаери оғриётганини на шифокорга ва на ота-онасига айта олади. Фақат чириллаб йиғлайди. Бунга чидай олмаган ота-она эса фарзандини зудлик билан шифокор ҳузурига олиб жўнайди. Нажот фақат шифокордан. Шифокор эса хато қилиши мумкин эмас.
Эрталаб. Туман ТТБ бош врач ўринбосари Нажмиддин Қоржовов билан Болалар бўлими мудири Мамир ака Тоғаевни йўқлаб борганимизда, у кишини палаталардан бирида бемор болакайлардан бирини эрталабки тиббий кўрикдан ўтказаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Қарадикки, у кишининг вақти тиғиз. Шу боисдан суҳбатни тушдан кейинга қолдириб, ортга қайтдик. Кечга яқин гарчи иш вақти тугай деб қолган бўлсада, Мамир акани ҳали ҳам иш устида учратдик. Беш-ўн дақиқалик қисқача суҳбат давомида ҳам эшик бир неча маротаба очилиб, бемор болаларини етаклаб олган фуқаролар шифокордан маслаҳатлар сўрашга улгуришди.
Ўзидан кўра бошқалар дарди билан яшайдиган педиатр-шифокор (болалар шифокори) Мамир дўхтирни туманимизда танимаган одам бўлмаса керак. У киши умрининг қирқ йилини ёш болаларни даволашга бағишлаган тажрибали, қўли енгил педиатр-шифокорлардан бири.
М. Тоғаев 1957 йилда туманимиздаги Катта Ўроқли қишлоғида туғилиб, шу қишлоқдаги 8-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Мамир аканинг иккала акаси ҳам қишлоқ хўжалиги бўйича олийгоҳда таълим олиб, шу соҳада ишлашарди. У киши эса бу йўлни танламади. Олий маълумотли шифокор бўлиб, халқ соғлиги йўлида хизмат қилишни мақсад қилганлиги боис 1975 йилда ҳужжатларни Ўрта Осиё медицина педиатрия институти (Тошкент) га топшириб, талаба бўлди. Олийгоҳни тугатгач, дастлаб 1980-1981 йилларда Тошкент шаҳар 5-болалар шифохонасида, сўнгра 1981-1982 йилларда Самарқанддаги интернатура вилоят шифохонасида врач-интернат бўлиб иш бошлади. 1982 йилдан туман ТТБда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош врач ўринбосари, бош врачнинг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари, туман пулмонология бўлими бошлиғи каби вазифаларда фаолият юритди. 1986 йилда Белоруссия Республикасида, 1990 йилда Россия Федерациясининг Ленинград шаҳрида малака ошириб қайтди. 2014 йилдан буён эса туман ТТБнинг Болалар бўлими мудири вазифасида ишлаб келмоқда. Мамир ака бугун гарчи пенсияда бўлсада, ҳамкасблари у кишини қўйиб юборгилари йўқ. Тажрибали мутахассис ҳар жойда ҳам керак бўлгани каби, болалар билан тиллаша оладиган, гап-сўзсиз ҳам уларни тушуна оладиган, бемор болаларнинг дардига шифо топаётган олий тоифали шифокор Мамир ака Тоғаев бугун ҳам Баҳром Мелибоев, Зуҳра Пўлатова, Нилуфар Муслимова сингари шогирдлари билан бир сафда шифокор деган шарафли ва масъулиятли касбга муносиб бўлиб келишмоқда.
М.Тоғаевнинг турмуш ўртоғи Соҳида опа ҳам у киши билан бирга шу соҳада ишлаб келмоқда. Улар 2 ўғил, 3 қизни муносиб тарбиялаб, касб-корли қилишди. Айни пайтда фарзандларининг барчаси олий маълумотли бўлиб, турли соҳаларда фаолият юритишмоқда.
Болалар шифокори Мамир Тоғаевнинг тиббиёт соҳасига қўшаётган ҳиссаси муносиб баҳоланиб келмоқда. Шифокор М. Тоғаев "Соғлом она ва бола йили"да вилоятимиз аҳолисининг саломатлигини сақлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини ошириш, соғлом авлодни шакллантиришдаги муносиб хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Шунингдек, дунёни ўз исканжасига олган "COVID-19" пандемияси шароитида фидойилик намунасини кўрсатиб, вилоятда кенг кўламдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатганлиги, замонавий соғлиқни сақлаш тизимини яратишда юксак касб маҳоратини намойиш этганлиги учун Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
- Бўлимимизга шифо истаб келаётган бемор болажонларнинг тез фурсатда соғайиб, оиласи, ота-онаси бағрига соғлом ҳолда қайтиши ва ота-оналарининг қилган дуолари мен учун энг олий мукофот, - дейди М.Тоғаев.
Элнинг, айниқса болаларнинг дардига малҳам бўлаётган, кўпчиликнинг олқишини олаётган олий тоифали педиатр-шифокорМамир ака Тоғаев ҳанузгача ўқиб-ўрганиш баробарида жамоадошлари, ҳамкасблари ва шогирдлари билан тажрибаларини ўртоқлашиб, ўгитларини аямай келмоқда.
Биз ҳам ўз навбатида ёш авлоднинг соғлиги йўлида бор билим ва тажрибаси билан фидокорона меҳнат қилаётган Мамир акага узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.
"Булунғур ҳаёти"нинг мухбири.