Бу йил собиқ Иттифоқ чекланган қўшинларининг қўшни Афғонистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилганлигига 33 йил тўлди. Қўшни Афғон тупроғини халқаро террористик ва диний экстремистик кучлардан тозалашдаги жанговор ҳаракатларда минглаб ўзбек ўғлонлари ҳам ҳам иштирок этишган. Уруш қурбонсиз бўлмаганидек, Афғон урушида олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда минглаб аскарлар қатори юртимизнинг ҳам 1545 нафар аскарларижанг майдонларида мардларча ҳалок бўлдилар. Афғон урушида туманимиздан ҳам 200 нафардан зиёд йигитлар қатнашиб, шундан тўрт нафари жангларда қаҳрамонларча жон таслим қилишган. Бугунги кунда бу тўрт нафар аскарнинг номлари Самарқанд шаҳридаги “Хотира майдони”даги “Хотира китоби”га зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб, номлари абадийлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб байналминалчи-жангчилар учун бир қанча имтиёзлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Аввало, Республикамизда “Ўзбекистон Республикаси “WETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси ва ҳудудий бўлимлари, туман бўлинмалари ташкил қилинди. Жангчи-фахрийларимизнинг ҳар бирининг ҳаёт йўллари, кечмиш хотиралари, ўтган ҳар бир куни ўзи бир китоб, бир тарихди
“WETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси туман бўлинмасининг асосий мақсадларидан бири Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон жангчи-фахрийлари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, уларни тиббий ва руҳий жиҳатдан соғломлаштириш ва реаблитациясини таъминлашда ёрдам кўрсатиш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматга тайёрлашда кўмаклашишдан иборат.
1987 йил, айни ёз пайти. Баҳромжон Самарқанд ДАҚИнинг иккинчи курсини тугаллаб, Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ учун тўрва-халтасини кўтариб, ҳарбий комиссариатга қараб йўл олди. 1979 йилда бошланган Афғон уруши ҳали тугамаган эди. Тақдирни қарангки, куч-қувватга тўлган, навқирон йигит Баҳромжонга ҳам ўша томонларда хизмат қилиш қисматида экан. Кечқурун вокзалдан у ўтирган поезд кун ботиш тарафга қараб йўл олди. Эртаси куни Туркманистон Республикасининг ҳарбий полигонига бориб тушган чақирилувчилар Афғонистонда хизмат қилиш тақдирига ёзилганлигини тушуниб етишди. Полигондаги ўтган салкам беш ой мобайнида улар ҳарбий қурол-аслаҳаларнинг деярли барча турларидан фойдаланишни пухта ўзлаштириб олишди. Бу орада Баҳромжоннинг отаси Алиқул домла ва онаси Улмон оналар ўғлидан хабар олиш учун боришди. Қайтиш чоғида Алиқул домла ўғлига: Болам, бошинг тошдан бўлсин, “қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади” дейишган, омон бўл, деб оқ фотиҳа тилаб хайрлашишди.
Эркак киши ҳар қанча дард келса ҳам юзага чиқармайди. Лекин, аёл зоти борки, бор дардини тилга чиқаради, дод-вой солади, кўз-ёш тўкади. Улмон хола эса ундай қилмади. Ўғлига умр ва омад тилаб хайрлашди. Бироқ ўғли хизматдан қайтгунча онаизорнинг қора сочлари оқариб, юзларини ажинлар қоплаганди.
Ортда қолган ҳар бир дақиқа асрлардек ўтди, гўё. Аскарлар ўтирган ҳарбий самолёт Афғонистоннинг Қундуз шаҳрига бориб қўнди. Баҳромжон қарадики, атрофдаги ёзувларнинг барчаси ажнабий тилда ёзилган, одамларининг кийинишлари, сўзлашишлари ҳам ўзгача. Атрофга қараб бошқа оламга тушиб қолгандек сезди ўзини. Афғон тупроғида ҳарбий хизматни бошлаганига олти ойлар чамаси ўтиб, навбатдаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида душманга қақшатқич зарба беришга, бутун вужуди билан диққатини душман позициясини йўқ қилишга қаратган оддий аскар Баҳромжон ўнг оёғини душман ўқи тешиб ўтганини сезмай ҳам қолди. Бироз фурсат ўтиб, оёғидаги этик ичи қонга тўла бошлагач қараб, нима бўлганини ҳис қилди. Буни сезган ёнидаги дўсти, уни дарҳол етаклаб, автомашинадаги кўчма санчастга олиб борди. Ҳарбий ҳамширалар зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишди. Бироқ... ҳали жанг тугамаган эди. Шу боисдан у автомашинада бир кун қолиб кетди. Иккинчи куни эса ҳарбий госпиталда даволанишни бошлади. Қисм командири тез-тез унинг ҳолидан хабар олиб турди. Орадан бир ойлар ўтиб, даволаниб чиққач командир унга, агар хоҳласа уйга қайтариб юбориши мумкинлигини таъкидлади. Баҳромжон бу таклифни қатъий рад қилиб, яна хизматдошлари ёнига қайтди.
1988 йилда ҳарбий хизматдалиги чоғида жанговар ҳаракатлари учун оддий аскар Баҳромжон Эсонов “СССР қуролли кучларининг 70 йиллиги” медали билан тақдирланди. Орадан бир йил ўтиб “Байналминалчи-жангчи” ва “Байналиминалчи-жангчига миннатдор Афғон халқидан” медаллари билан тақдирланди. 2014 йилнинг 15 февралида эса Б.Эсоновни Москвага таклиф этиб, “Афғонистонда СССР Олий Советининг ҳарбий топшиқларини бажарганлигининг 25 йиллиги” медали билан тақдирлашди
Хизмат вазифам юзасидан ҳар гал турли соҳа вакиллари билан касб байрамлари сабаб суҳбатлашишга тўғри келади. Аксарият касб эгалари шу пайтгача амалга оширган ишлари, бажараётган юмушлари ва келгуси режалари ҳақида тўлқинланиб гапиришади. Лекин, Баҳромжонга ўхшаган уруш кўрган одамлар қонли жангларнинг шоҳиди бўлган, қирғинбаротлар ичидан омон чиққанлар камгап, оғир-вазмин ва ҳар бир гапини ўйлаб сўзлайдилар. Улардан сўраган саволингизга жавоб олиш ўта машаққат. Ўнта саволингизга бир марта жавоб қайтаришади. Бир сўз билан айтганда “ичимдаги топ” дейдиганлардан.
Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада деганларидек, хизматни ўтаб қайтган Баҳромжон онажонининг аввалги ҳолатидан асар ҳам қолмаганини кўрди. Ҳа, онани яратмасин экан.
2-гуруҳ ногирони Б.Эсонов ҳарбий хизматдан қайтгач олийгоҳда ўқишни давом эттирди. Дипломни қўлга олгач эса таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотларида ишлади, оилали бўлди. Бир нафар ўғил ва тўрт нафар қизни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда фарзандларининг барчаси олий маълумотли, турли соҳаларда хизмат қилишмоқда.
Ёши олтмишни қоралаган, сочларига оқ оралаган, фарзандлари ва неваралари қуршовида умргузаронлик қилаётган, кўкраги орден ва медаллар билан тўлган байналминалчи жангчи-фахрий билан суҳбатимиз узоқ чўзилди. Суҳбат асносида унинг Афғон тупроғида жанггоҳларда кечган кунлари, ўтмиш хотиралари яна бир бор жонланди...
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг махсус мухбири.