Жорий йилнинг 15 декабридан келгуси 2019 йилнинг 15 январига қадар Республикамизда “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилинган. 9-сонли Мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш бурчимиздир” шиори остида қўшни Афғон тупроғида террористик гуруҳларга қарши жангларда иштирок этган бир гуруҳ фахрийлар билан туманимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм зобитлари ва аскарлари билан учрашуви ҳам ойлик доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувда туман Мудофаа бўлими бошлиғи Маъмиржон Тўйчиев сўз олиб,қудратли армиямизнинг бугунги салоҳияти, ҳарбийларга яратиб берилаётган имтиёзлар, шунингдек, байналминалчи жангчиларга қаратилаётган эътибор, уларни ижтимоий ҳимояга олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Шундан сўнг туман “WETERAN” уюшмаси раиси Худойберди Шодмонов тадбир иштирокчиларини чекланган ҳарбий қисмларнинг Афғонистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилганлигининг 30 йилллиги, ҳамда яқинлашиб келаётган Янги йил билан қутлади.
Тадбирда Абдураҳим Раҳимбердиев, Ҳусниддин Норматов, Акмал Ҳайдаров ва Баҳром Турсунов сингари байналминалчи жангчилар ўз таклифлари ва саволлари билан фаол иштирок этишди. Учрашув иштирокчилари келгусида ҳар бир маҳалла ҳудудларида уюшган ва уюшмаган ёшлар байналминалчи жангчилар фахрийлари билан мунтазам учрашувлар ташкил қилишни келишиб олишди.
Тадбир сўнгида туман маданият уйи хонанда ва созандалари ҳамда “Капли” вокал-чолғу ансамбли иштирокида она Ватанни мадҳ этувчи, улуғловчи куй ва қўшиқлар янгради.
Саидбек ТУРДИЕВ.