Жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бу жараёнга тайёргарлик кўрилмоқда. Шу сабаб, жараён билан боғлиқ айрим меъёрий талабларни жамоатчиликка етказишни лозим топдик.
Хусусан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида республикамиз фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида, шунингдек, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Аксарият ҳолларда “туман комиссияси тузилибди, сайловни шулар ўтказаркан” қабилидаги фикрларни эшитиб қоламиз. Тўғри, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари қошида комиссия таркиби шакллантирилади. Аммо, улар сайловни ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашади, холос. Айни пайтда улар жойларда ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Савол туғилиши табиий, сайловни ким ўтказади унда?
Қонунчиликка кўра, жараённи ташкил этиш ва ўтказиш фуқаролар йиғини қарори билан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилади.
Бунда биринчи фуқаролар йиғини ёки вакиллар йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой белгиланиб, уни ўтказишдан камида беш кун олдин ҳудудда яшовчи фуқаролар хабардор қилинади.
Унга қадар ишчи гуруҳ ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ўтказиб, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлайди.
Вилоятимизда мазкур жараён 10 апрелга қадар ўтказилиб, номзодлар айни кунларда тегишли туман комиссияларига тақдим қилинган.
Эслаб қолинг, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида ўтказилади.
Йиғилиш кун тартибига қоида тариқасида, саноқ комиссиясини сайлаш ва фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш масалалари киритилади.
Овоз бериш натижаларини аниқлайдиган саноқ комиссияси уч кишидан иборат таркибда сайланади.
Сайлов фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.
Қонунга кўра, сайлаш ҳуқуқига сайлов куни 18 ёшга тўлган ҳамда тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади. Бу жараёнда ҳам суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман ва шаҳарлар комиссиялари томонидан фуқаролар йиғинлари кесимида сайловни ўтказиш жадвали 25 апрелга қадар тасдиқланади.
Салоҳиддин НУРИЕВ,
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, вилоятда фуқаролар
йиғинлари раислари (оқосоқоллари) сайловини ташкил этиш
ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзоси.
(“Зарафшон”дан олинди)