Сўнгги йилларда Республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани барчага аён ҳақиқат. Бу борада вилоятимиз тиббиёти жонкуярлари томонидан ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Дейлик, Самарқанд болалар хирургия маркази, Самарқанд Давлат тиббиёт институти 2-клиникаси мутахассислари қишлоқ аҳолисига оталиқ ёрдами кўрсатиш мақсадида вилоятимиз ўқувчиларини бепул кўрикдан ўтказиш акциясиясини амалга оширишмоқда. “Халқ соғлиғи - юрт бойлиги” шиориостида ўтказилаётган тиббий кўрик жараёнлари жорий йилнинг 17 март куни Булунғур туманида бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да Давлат дастури асосида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш борасида тиббиёт ходимлари олдига бир қатор вазифалар қўйилган. Қишлоқ болаларини бепул кўрикдан ўтказиш ҳам мана шу вазифалар ижроси сифатида ташкил этилмоқда, десак хато бўлмас.
Самарқанд Давлат тиббиёт институти 2-клиникаси бош врачи, профессор Жамшид Шамсиев бошчилигида юқори малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ 2022 йил 17 март куни Булунғур туманида бўлиб, туманнинг олис қишлоқларидан туман Марказий поликлиникасига таклиф этилган болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.
Бунда асосий эътибор болаларда хирургик касалликлар ва туғма нуқсонли болаларни аниқлашга қаратилди. Ишчи гуруҳ таркибига болалар хирурги, УТТ мутахассиси, болалар гинекологи ва врач-ортопед травматологдан иборат профессор, доцент, шунингдек олий тоифали шифокор мутахасисслар ҳам иштирок этишди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик билан жами 200 га яқин ўғил-қизлар қамраб олинди.
Тиббий кўрик давомида 21 та турдаги хирургик касалликлари бўлган бемор болалар аниқланиб, уларни СамДТИ 2-клиникасида соғломлаштиришга тавсия этилди. Шу билан бирга Булунғур тумани 1-сон умумий ўрта таълим мактабида 1292 та ўқувчидан 1256 таси кўрикдан ўтказилиб, улардан 21 тасида турли хилдаги хирургик касалликлар аникланди. Бундан ташқари, туманнинг 22-сон умумий ўрта таълим мактабида 1446 та ўқувчидан 633 таси кўрикдан ўтказилиб, турли хилдаги хирургик касалликлар аниқланган, 22 та ўқувчи тегишли малакали ёрдам олишлари учун СамДТИ 2-клиникасига соғломлаштириш мақсадида тавсия этилди.
Эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз таълим-тарбияси билан бирга уларнинг соғлиғига эътибор бугунги мураккаб пандемия шароитида ҳар қачонгидан муҳим. Шу мақсадда амалга оширилаётган эзгу ниятли акциямизнинг салмоғини ошириб, вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам амалга ошириш давом этади.
Абдурауф ИСАҚОВ,
тиббиёт фанлари номзоди.
Қаршибой БОБОЁРОВ,
олий тоифали шифокор.