Туманимиз марказига туташ бўлган “Мингчинор” маҳалласи ҳудудидаги Марказий қўрғон қишлоғи бугунги кунда кўркам шаҳарни эслатади.
Булунғур - Килдон автойўли кесиб ўтган бу қишлоқда йўлнинг ҳар икки томонида қурилган савдо ва қурилиш материаллари дўконлари, маиший хизмат шохобчалари, аҳолига замонавий хизмат кўрсатадиган ошхоналар кўзни қувонтиради. Агар ишонмасангиз қишлоғимизга бир келиб кетинг...
- Маҳалламиз ҳудудидаги Қоракамар, Марказий қўрғон, Тумановул ва Мингчинор массивида 3682 нафар аҳоли яшайди, - дейди “Мингчинор” МФЙ раиси Саодат Аллаёрова. - Аҳоли асосан тадбиркорлик, томорқа ва иссиқхона ишлари билан шуғулланишади.
60 нафар тадбиркорлар ҳиммати билан маҳалла биноси қайта таъмирланиб, замонавий чиройли кўринишга эга бўлди. Маҳалла биноси ёнида тадбиркор Шерзод Абдурашидов ташаббуси билан ҳар томонлама қулайликка эга бўлган ҳаммом ишга туширилди. Тикувчи Мавжуда опа ташаббуси билан тикувчиликка ўргатиш маркази очилди. Чойхона ва миллий таомлар ошхонаси аҳолига беминнат хизмат қилмоқда.

Томорқа эгаси Гулсара опа Жўрабоева ҳовлисидаги иссиқхонада лимон, кўкпиёз, саримсоқпиёз, турли хил кўкатлар етиштирилмоқда. Дилрабо Жўраеванинг 10 сотихли томорқасида тўқсонбосди экин - саримсоқ пиёз барқ уриб кўкармоқда.

Маҳалла ва қишлоқларни обод масканга айлантиришда Алижон Азизов, Гулсара Жўрабоева, Маҳрамқул Мардонов, Искандар Носиров каби фаоллар, Акбар Жабборов, Ҳабибулло Жўрабоев, Ғофур Холиқулов, Азамат Темиров каби тадбиркорларнинг хизмати катта бўлмоқда.
Шунингдек, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришда маҳалла профилактика инспектори, капитан Дилшод Ўрдашев, туман ҳокими ёрдамчиси Сирожиддин Муродовларнинг ҳам хизмати катта бўлмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.