бу инсонларни ижтимоий ҳимоялаш кафолатидир
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида инсон омилига доимий ғамхўрлик кўрсатаётган, халқини кучли ижтимоий ҳимояга олган мамлакатлардан бири саналади. Бу коронавирус пандемияси даврида яна бир бор амалий тасдиғини топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги навбатдаги қадам бўлди.
Фармонга асосан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 бараварга оширилди.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланди.
Туманимизда пенсия ва нафақа олувчилар 17415 нафар бўлиб, улардан 12679 нафари ёшга доир пенсия олувчилардир. Шунингдек, 1376 нафар ногиронлар, 1208 нафар боқувчисини йўқотганлар, 2152 нафар ижтимоий нафақа олувчилар ҳам давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманддирлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Фармони кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини беҳад мамнун этди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, 1 сентябрдан улар Фармонга асосан оширилган миқдордаги пенсия ва нафақаларини олишади.
Норбўта ЭРМАТОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
туман бўлими раиси ўринбосари.