Килдон қўрғони ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилашчора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Килдон қўрғони ҳудудида тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан инвестициялар киритилиб, кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Фармонда мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш асосий мезон қилиб белгиланган.
Фармонга кўра эндиликда инвесторлар ва тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва ҳуқуқлар берилмоқда. Яъни, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган ер участкаларидаги иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш оқибатида мулкдорларга етказилган зарарларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнг йўл қўйилади. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараваргача камайтирилди. Акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдори 1 миллиард 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача туширилди. Шунингдек, экспорт шартномаларини у тузилган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ эълон қилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, экспорт шартномаси тузмасдан инвойс асосида ўтказиладиган мева-сабзавот маҳсулотларини божхонада божхона юк декларацияси рўйхатга олинадиган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича расмийлаштириш тартиби бекор қилинди.
Туманда кичик саноат зонасида 2018-2019-йилларда амалга ошириладиган полиэтилен қувурлари, музлаткичли омборхона, асални қадоқлаш, мебель ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш қилиш лойиҳалари бўйича таклифлар маъқулланди. Хусусан, Килдон қўрғони ҳудудидаги мавжуд 7,5 гектар майдондан “Булунғур мебель сервис”МЧЖ мебель ишлаб чиқариш, “Булунғур Олтин сув” МЧЖ полиэтилен қувурлари ишлаб чиқариш, “Даврон – 1” МЧЖ музлаткичли омборхона, асални қадоқлаш ва ёғочни қайта ишлаш, “Skanlyin technology” МЧЖ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, “Shohjahon J. S. D.” фермер хўжалиги музлатилган мевани вакуум асосида қадоқлаш ва музхона қуриш, “Баҳора Авто йўловчи транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан мебель ишлаб чиқариш лойиҳалари маъқулланиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорлари билан тўлиқ ер майдонлари ажратилиб берилган. Айни пайтда лойиҳа ташаббускорлари, тадбиркорлари томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Келгусида ушбу кичик саноат зонасини ташкил этиш натижасида жами 12 миллион 142 минг долларлик лойиҳа ишга туширилиб, 340 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар одамларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун замин ҳозирлаши шубҳасиз.
Анвар ХОЛИҚУЛОВ,
туман ҳокимининг инвестициялар,
инновациялар, хусусийлаштирилган
корхоналарга кўмаклашиш ва кичик
саноат зоналари ҳамда туризмни
ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари.