Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 августдаги”Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори балиқ маҳсулотини саноат усулида етиштириш, қайта ишлашда тармоқ корхоналари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Унга кўра, балиқ маҳсулоти етиштириш билан шуғулланувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сув истеъмоли учун тўланадиган солиқ турларида имтиёзлар берилмоқда.
Мазкур қарорнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалий ишлар қилинмоқда.
Кўрилаётган тадбирлар боис, бозорларимизда балиқ маҳсулотларининг тури кўпайиб нархи арзонлашмоқда. Бугунги кунда вилоятда 458 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларга 8 минг 972 гектар сувли майдонлар ажратилган, шундан 7 минг 479 гектари табиий ва 1 минг 493 гектари сунъий сув хавзалари ҳисобланади.
Жорий йилда вилоят бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш,45 млрд 445 млн сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, айни вақтда 3 та лойиҳа ишга туширилиши эвазига 8 та янги иш ўринлари яратилган.
Жумладан Булунғур туманидаги “Булунғур феникс сервис” МЧЖ томонидан Испаниянинг “Никами” фирмаси билан хамкорликда Зарафшон массивида фарел балиқлари етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича йирик лойиха амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш мақсадида Испаниядан зарур асбоб-ускуналар келтириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
30 млрд 240 млн сўмлик ушбу лойиҳа тўла қувват билан иш бошлагач, 10 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш билан таъминланиб, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Йигитали ЎРОҚБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи
устидан назорат қилиш инспекциянинг
туман бўлими катта инспектори.