Самарқанд вилояти Булунғур туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, белгиланган дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида туман иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда. Очиқ, юзма-юз мулоқотлар эса давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларига янгича шакл ва мазмун бағишлаб, халқ олдида ҳисобдорлик ҳиссини оширди.
Бунда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили дастуриламал вазифасини ўтаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки, мақсад битта – аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, ҳаёт даражасини яхшилаш.
Одамларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эшитиш, муаммоларини ўрганиш ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Булунғур туманидаги Бўстон қишлоғи аҳолиси бир неча йиллардан буён йўл, ичимлик сув, электр энергияси, тадбиркорлик борасида қатор муаммолар билан тўқнаш келаётган эди. Яқинда туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси мутасаддилари бу муаммоларни ўрганиб, ҳал қилишди. Қолаверса, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор лойиҳаларни таклиф қилди.
Бугун ёшлар муаммоларини тинглаш, уларга ижобий ечим топиш муҳим масалалар сирасига киради. Шу мақсадда туманда мунтазам ўтказиб келинаётган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам ўз самарасини бермоқда. Булунғур маҳалласидаги 23-умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги учрашувда ҳам 69 нафар йигит-қизнинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг аксарияти уй-жой, кредит масалалари билан боғлиқ эди. Уй-жойга эҳтиёжмандлар рўйхати шакллантирилди. Тижорат банкларига эса тадбиркорлик ва ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар учун тез кунларда кредит ажратиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.
-Пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқларини, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналарни тўлиқ тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш, бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан бир қатор ишлар амалга оширилди, - дейди Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов. - Бу жараёнда жиддий муаммоларга ҳам дуч келдик. Туманда январь-август ойларида 173 миллиард 102 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган бўлса-да, пандемия таъсири натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу режа 71,9 фоиз бажарилди.
Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бизнеснинг ушбу шакли билан шуғулланаётганларга кўплаб имтиёз ҳамда имкониятлар яратиб берилмоқда. Шу мақсадда тижорат банклари томонидан 2020 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар бўйича 870 лойиҳага жами 22 миллиард 516 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Бугунги кунгача “Темир дафтар”даги 2 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Натижада турмуш шароити яхшилангани инобатга олиниб, 1200 га яқин оила “Темир дафтар”дан чиқарилди. Айни пайтда “Темир дафтар”да қолаётган 972 оилани тизимли равишда қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳволини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Туманда “Аёллар дафтари” ҳам шакллантирилмоқда. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи бўлган хотин-қизлар киритиляпти. Ана шу мақсадда 25 мингдан ортиқ хотин-қизнинг ижтимоий аҳволи ўрганилди ва зарур кўмак кўрсатилмоқда.
Шунингдек, иш топа олмай қийналаётган, ўз бизнесини йўлга қўйишда муаммога учраётган ёки касбга, ўқишга қизиқиши бор ёшлар учун “Ёшлар дафтари” юритиляпти. Ўрганишлар жараёнида туман бўйича 4 минг 200 нафар йигит-қиз бу дафтарга киритилиши таклиф этилди. Уларнинг ҳар бири билан тизимли ишлаш йўлга қўйилмоқда. Тез кунларда ёшларнинг қизиқиши, қобилияти, кўникмаларидан келиб чиқиб, манзилли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 35,8 миллиард сўм инвестиция киритилиши ҳисобига 15 та лойиҳа ишга туширилди. Жумладан, “Ҳазрат бобо” фермер хўжалиги негизида қурилишда ишлатиладиган майда тош, “Универсал Мароқанд Пласт” МЧЖда пластик қувурлар ҳамда пакетлар ишлаб чиқариш цехлари иш бошлади. “Медикал Нажот” МЧЖ ва “Стоматология” хусусий фирмаси эса диагностика, стоматология каби хизматларни йўлга қўйди, “Express trade xolding” МЧЖ томонидан музлатгичли омборхона қурилди, “Амирбек Шаҳбоз Парранда” МЧЖ паррандачилик лойиҳасини ишга туширди. Пировардида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Лутфулла СУВОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.
(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).