ёшларимизни интернет тармоқларидаги мафкуравий таҳдидлардан асрайлик
ХХ1 аср ахборот технологиялари асри. Шу сабабли ҳозирги кунга келиб ахборот технологиялари шу даражада тез ривожланмоқдаки, дунёнинг бир чеккасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар шу заҳотиёқ кенг жамоатчиликка етиб бормоқда.
Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда хоҳ шаҳарда ёки чекка қишлоқда бўлсин, ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб бормоқда. Албатта, интернет тармоқларининг ахборотларни ўз вақтида етказишда, инсон билим доирасини кенгайтиришда, бизнес оламида ва бошқа соҳаларда ўрни беқиёс. Лекин, интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларнинг асосий тарғибот манбаси бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламларини, айниқса, ёшларнинг дунёқарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда, яъни зўравонлик, диний экстремизм, терроризм, ахлоқсизлик, “оммавий маданият” ва шу каби бузғунчи ғояларни сингдиришга бўлган уринишларда намоён бўлмоқда. Шу сабабли, ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни, миллий қадриятларимизни емиришга қаратилган ҳар қандай салбий иллатлар ҳар бир ватандошимизни ташвишга солиши аниқ.
Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга раҳна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга қарши доимо огоҳ бўлишимиз зарур. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч қандай кучлар ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор мақсадларимизга албатта, етамиз.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда интернет тармоқларида динни ўзларига ниқоб қилиб олган кўплаб оқимлар ва тоифалар пайдо бўлмоқда. Улар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида турли кўринишдаги низоларни келтириб чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Сўнгги йилларда айрим сиёсий кучлар, диний экстремистик оқим тарафдорлари ва баъзи ғаламис кимсалар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш ниятида ёшларимизни тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокдалар. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари бўлмаган, фақат шахсий манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладиган, йўлбошчиларининг кўрсатмаларини такрорлашдан нарига ўтмайдиган манқурт шахслардир. Ана шундай чаласавод, диндан узоқ бўлган, имон-эътиқодсиз шахслар аввал дину-диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр, мустақил дунёқараши тўлиқ шаклланмаган ёшларимизни йўлдан уриб, охир-оқибатда, азиз фарзандларимизни разолат қурбонига айлантириши ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Ҳозирги кунда республикамизда катта куч бўлиб ҳаётимизга, сиёсий майдонга кириб келаётган бугунги ёшларимизнинг аксарияти глобаллашув туфайли Европа ва бошқа хорижий маънавий-маданий оқимлар таъсирига кўпроқ иштиёқманд бўлиб, миллий маънавиятимизнинг ҳаётбахш, юксак ахлоқийликка асосланган тамойилларга ихлосмандлиги сустлашиб бормоқда. Инсон қадри, масъулияти, ахлоқига беписандлик баъзи ёшларнинг кийиниши, феъл-атвори, юриш-туришида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда инсон қадрияти унинг миллийлигига, маданиятига, ахлоқ-одобига, билим ва касб-хунар эгаллашга йўналганлиги билан белгиланиши керак.
Дархақиқат, бугунги ҳаётимизгаахборот шунчалик шиддат билан кириб келаяптики, уларни “ҳазм” қилиш учун ҳар ёшдан теран тафаккур ва кенг дунёқараш талаб этилади. Айниқса, интернет олами фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим комьпютер ўйинлари ҳақида ҳам шундай мисолларни кетириш мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали таркатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга ҳисобланади. Шунингдек, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз мақсадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади, 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош мақсад ҳисобланади. Турли жанговар, миллийлигимизга мос келмайдиган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади, дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий оқибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўплаб топилади.
Йилдан йилга ёшлар ўртасида интернет ва компьютер ўйинларига қизиқишнинг ортиб бориши, бунинг натижасида келиб чиқаётган салбий ҳолатларни ҳар томонлама таҳлил қилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти компьютер ўйинларига ҳаддан ортиқ ружу қўйишни хавфли касалликлар рўйхатига киритди. Эътироф этилишича, компьютерва видео ўйинларга ортиқчаберилиш руҳий касалликларнинг янгича кўриниши ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, компьютер ўйинларини кўп ўйнайдиган инсонлардабир йил давомида унинг оилавий,ижтимоий, профессионал ва бошқафаолиятига салбий таъсир кўрсатувчиаломатларнинг пайдо бўлиши унда ана шу касаллик борлигини билдиради. Шу сабабли, Хитой ҳукумати ҳозирги кунга келиб мактаб ўқувчиларига жума, шанба ва якшанба кунларидан ташқари онлайнўйинлар ўйнашни тақиқлаган.
Турли тоифадаги ғараз ниятли кимсалар интернет тармоқларидаги сайтлардан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ҳам бор гап. Бунинг аянчли ва хатарли томони шундаки, диний экстремистик ҳаракатлар ва турли тоифадаги ақидапараст оқимлар ўзларининг жирканч ғоя ва мақсадларини шу йўл орқали оммага тарқатишга уринмоқда. Бу ёшларимиз тарбияси, онги ва мафкурасини издан чиқарадиган энг катта хавф эканлигини ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз, айниқса, ана шу хавфдан фарзандларимизни асраб-авайлашимиз жуда муҳимдир.
Ҳозирги глабаллашув замонида Интернет сайтлари орқали тарқатилаётган турли кўринишдаги ёт ғоялар ва ахборотларнинг ёшлар томонидан катта қизиқиш билан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлар халқини ҳам ташвишга солмокда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак?
Авввало, интернет тармоқларида диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, зўравонлик ва ахлоқий бузуқлик, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларимизнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутила олмаймиз.
Шунигдек, инсонлар қалби ва онги учун катта курашлар кечаётган ҳозирги глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб-ахлоқ тарбиясига эътиборни кучайтириш долзарб вазифалардан бири эканлигини асло ёддан чиқармаслигимиз лозим. Шу сабабли, ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, она Ватанига меҳр-муҳаббат, садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Хуллас, келажагимиз бўлган азиз фарзандлар истиқболини, уларнинг ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси масаласига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор бермоғи, фарзандларимиз тарбиясини турли компьютер ўйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало бобо-момоларидан, ота-оналаридан, эзгуликка, покликка, мардликка, ватанпарварликка ва дину-диёнатга чақирувчи китоблардан олишлари қанчалик катта аҳамиятга эгалигини унутмаслигимиз зарур.
Икром РАВШАНОВ,
туман дин ишлари бўйича бош мутахассиси.