ундан сақланиш ҳаётий муҳим масала
Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм дунёнинг глобал муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам оламдаги барча маърифатпарвар кучлар қатори Ўзбекистонда ҳам унга қарши курашнинг турли кенг миқёсдаги фаолияти олиб борилмоқда. Терроризмга олиб борувчи диний экстремизмга қарши маърифий кураш олиб бориш лозим. Ёки яна ҳам аниқроқ айтилса, бошқа ёт ғояларга нисбатан бўлгани каби диний экстремизмга қарши ҳам ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш зарур. Бунинг учун экстремизмни муқаддас, маърифатли, бағри кенг ислом дини билан боғлашдек хавфли уринишларига, исломнинг обрўйини тушуришга қарши кенг кўламда халқаро кучларни бирлаштирган ҳолда кураш олиб бориш керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон аъзо бўлган БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Марказий Осиё Ҳамкорлиги ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларнинг изчил бажарилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади.
Бугунги кунда экстремистик оқимлар учун мафкуравий бўшлиқ ва қандайдир бирон норози кайфиятдаги аудитория қолдирмаслик лозим. Соф ислом таълимоти билан экстремитик оқимлар ғоялари ўртасидаги тафовутларни чуқур илмий асосда таҳлил етиш мақсадга мувофиқ. Бу борада янги нашрларга эътибор бериш муҳимдир. Худди кучли зилзиладан олдин ҳайвонлар безовталангани каби атрофимизда – маҳалла-кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш, бунинг замирида бирон бир катта муаммо келиб чиқмасмикин деган ўйда масалани ўрганиш муҳим саналади.
Статистик маълумотларга кўра, амалга ошмай қолган террористик ҳаракатларнинг 70 фоиздан ортиғи фуқароларнинг ўзлари билиб ёки билмаган тарзда уни фош этганларига боғлиқ экан. Шу сабабдан бутун халқимиз ана шу масалага огоҳлик билан қараса, терроризмнинг даҳшатли чангалига банди бўлмасликнинг муҳим шартларидан бири бажарилган бўлади дейиш мумкин.
Терроризмнинг таҳдиди, хавфи ва унинг фожиали оқибатларидан Ўзбекистон ҳам холи бўла олмади. Ўтган асрнинг 80-йилларнинг охирида террорчилик хуружлари у ёки бу кўламда ўзига хос хилма-хил кўринишларда содир бўлиб турган эди. Бироқ, мустақилликка эришгандан сўнг бу хуружлар кенгроқ ва хафлироқ тус ола бошлади. Бунга 1999 йил 16 февралда Тошкентда, 1999-2001 йиллари Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида, 2004 йил Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида, 2005 ва 2009 йилларда Aндижон вилоятида амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.
Ўзбекистон ўз миллий манфаатларини, дунё давлатлари манфаатлари қатори қатъият билан ҳимоялайди ва бу манфаатларга зид бўлган ҳар қандай таҳдидларга қарши халқаро ҳамжамият билан бирга кураш олиб боради. Демак, мамлакатимиз глобал муаммолардан бири бўлган халқаро терроризмга қарши курашда ҳам халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда ҳаракат қилади ва бу борада муносиб ўрин эгаллайди. Ўзбекистоннинг халқаро террорчиликка қарши курашдаги муҳим ўрни ва ролини ёрқин ифодаловчи далиллардан бири Юртбошимизнинг энг йирик халқаро анжуманлар минбаридан туриб, халқаро терроризмнинг кўлами жаҳон миқёсида кенгайиб бораётганидан ташвиш билдириб, жаҳон ҳамжамиятини ушбу трансмиллий жиноятга қарши қатъият билан кураш олиб боришга даъват этиб келаётганида кўриш мумкин.
Халқаро террорчилик, радикал, тажовузкор экстремизм ва айирмачилик, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти фаолиятининг энг муҳим таркибий қисмига айланган. Aйнан шу вазифаларни ҳал қилиш учун Минтақавий аксилтеррор марказнинг Тошкент шаҳрида очилгани Ўзбекистон Республикасининг террорчиликка қарши курашдаги амалий саъй-ҳаракатлари, дадил ташаббусларининг ҳиссаси катта ҳисобланади.
Мамлакатимизда нафақат ташқи сиёсатда, балки ички сиёсатда ҳам ушбу жирканч ҳодиса хавфининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий асос қўйилагинини алоҳида қайд этиш зарур. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддасида террорчиликнинг икки хил кўриниши: халқаро ва мамлакат ичкарисидаги террорчилик ҳақида сўз боради. Ўзбекистон Республикасининг "Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунида эса ушбу хавф-хатар қуйидагича изоҳланади: "Терроризм – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар”.
Ҳозирги давр инсон онги ва қалби учун кураш кучайганлиги билан характерланади. Демак, мавжуд маънавий таҳдидлар, мафкуравий тажовузларга қарши фақат қурол кучи билан, ҳуқуқий воситалар билан кураш кўзланган натижани бера олмаслигини Aфғонистон, Покистон, Ироқ каби давлатларда бўлаётган воқеа-ҳодисалар мисолида англаб етиш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистонда бошқа таҳдидлар қатори террорчилик хавфига қарши курашда Президентимиз белгилаб берган "ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” тамойилига асосланмоқда. Бунда фуқароларимиз орасида тарғибот-ташвиқотнинг кенг тармоқларидан самарали фойдаланган ҳолда, терроризмнинг ғоявий, сиёсий шиорларини мафкуравий жиҳатдан фош қилиш асосий вазифа қилиб олинган.
Бугун биз ахборот асрида яшамоқдамиз. Aхборот хуружи хавфи бўлишига қарамай, оммавий ахборотга нисбатан тўсиқлар қўйиб бўлмаслиги барчага маълум. Лекин, носоғлом ғояларнинг урчиб кетишига сабаб бўлаётган интернет саҳифаларидаги иллатлардан ёшларимизни асраб қолиш учун Aхборот-технологиялари соҳасида янги замонавий ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган танловлар ташкил этиш,. унда миллий қадриятларимизни давом эттира олган ва бу борада янгиликлар кашф қила олган ёшларни рағбатлантириб бориш зарур.
Энг зарур чоралардан бири бу халқимизнинг огоҳлигидир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширилса, ўша ердаги бирон ҳолат аввалдан бирон ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас.
Терроризм каби мудҳиш ҳаракатнинг қандай кутилмаган оқибатларга олиб келиши барчани огоҳликка, ҳушёрликка, беғам бўлмасликка ундайди.
Бегзод БОБОҚУЛОВ,
Самарқанд ҳарбий суди раиси.