буни барча англаб етмоғи керак
Замон шиддат билан ривожланмоқда. Кун сайин янги технологиялар, турли янги жиҳозлар инсон оғирини енгил қилиши билан бирга, айрим вақтларда унинг эсини гангитиб қўяди. Интернет деган дунё тармоғи орқали ҳар куни инсонни лол қолдирадиган янгилик эшитишга ўрганиб қолдик. Бизнес ҳам интернет орқали, билим олиш ҳам, нимадир касбни ўрганиш ҳам, ошна-оғайнилар билан салом-алик ҳам, хуллас жуда кўплаб кундалик фаолиятимиз шу билан боғлиқ бўлиб қолган.
Бу албатта, ривожланиш демакдир. Бу инсон оғирини енгил қилишдир. Лекин, шунчалик ривожланган даврда яшаб туриб, сўнгги йилларда содир бўлаётган ҳолатлар инсонни ажаблантиради. Бу қайсидир маънода фуқаро хавфсизлиги, оиладаги хавфсизлик билан боғлиқ ҳолатлар!
Статистик маълумотлар ҳар йили иситиш мавсуми бошланган кунларда кўплаб ёнғинлар, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари учрашини кўрсатади. Бу ҳолатлар нима учун айнан иситиш мавсуми бошланган кунларда содир бўлаяпти? Чунки, биз ўз хонадонимизни иситиш мавсумига жиддий тайёргарламасдан туриб, турли иситиш воситаларидан фойдаланамиз. Буни шунчаки табиий ҳол, деб биламиз. "Ҳаво совиди, печкани ёқ" тушунчаси шиоримиз бўлиб қолган.
Лекин, ўйламаймизки, бу иситиш печини бир кўздан кечирай, қаеридир носоздир, қаеридир мен ва оилам учун хавфлидир, мўрисини яхшилаб тозалай, қушлар уя қургандир ёки бошқа нимадир тиқилиб қолгандир...
Биргина 2020 йилнинг октябрь ойида 2 та ҳолатда 3 нафар фуқаролар, 2021 йилнинг октябрь ойи бошланиши билан Ургут, Самарқанд ва Нарпай туманларида 3 та ҳолатда 9 нафар фуқароларнинг ўлимига ва 1 нафарининг ўткир заҳарланишига айнан мўрини тозаламасдан, биринчи кун печни ёқиб ухлашгани сабаб бўлган.
Наҳотки, ота-боболаримиз ҳам иситиш мавсумидан аввал печ мўриларини таёққа латта ўраб, яхшилаб тозалашгани эсимизда эмас. Эсимизда, лекин бу каби ҳолат мен ва менинг оила аъзоларим билан содир бўлмайди, деган совуққон фикр бизни худбинга айлантиради. Оқибати эса аянчли! Хулоса қилиш эса ўзингизда. Зеро, оила муҳофазаси оддий хавфсизлик қоидалардан бошланади.
Ҳозироқ печингиз мўрисини тозаланг, азиз юртдош! Илтимос, бунга вақт топинг!
Йўлдош УМИРЗОҚОВ,
туман ФВБ Норматив теҳник бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант