Юртимиз азалдан ҳарбий хизматга, хусусан армияни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келган. Мисол учун: соҳибқирон Амир Темур давлати даврида қудратли жанговар армия мавжудлиги туфайли бутун дунёга катта таъсир кўрсатган ва из қолдирган салтанат вужудга келган.
Бугунги кунга келиб мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ҳарбий соҳани замон талабларига мос ҳолда модернизация қилиш, замонавий ватанпарвар кадрлар билан, армияни энг замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқда. Президентимиз ўз маърузаларида ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессиионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларнинг ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб келмоқда.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бугунги кунда армиямизда олиб борилаётган ишлар, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш ўз самарасини бермоқда. Шу муносабат билан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг 2021 йил 30 ноябрь кунги 667-сонли буйруғи эълон қилинди. Ушбу буйруқнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳарбий қисмимизда ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Халқ билан армия – бир тану-бир жондир!” шиори остида ҳарбий қисм тарғибот гуруҳи томонидан “Мард аскар ёшларга намуна” мавзусида тумандаги 6-сон МТТда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мавзуси кўтарилган бўлса, “Инсон қадрини улуғлаш барчамизнинг бурчимиздир” шиори остидаги туманнинг ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлоиги бўлган фуқаролари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчилари иштирокида ҳарбий қисмимизда “Очиқ эшиклар куни” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг қурол-аслаҳалари кўргазмаси намойиш этилди. Худди шундай тадбирлар тумандаги 52-умумтаълим мактаби ҳамда 35-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан 2021 йил декабрь ойида ҳарбий қисм тарғибот гуруҳи, туман ҳокимлиги, Ватанпарвар ташкилоти ва Баркамол авлод болалар мактаби билан ҳамкорликда Оқтош маҳалласидаги 30-умумтаълим мактабида “Мен ғолиб” мавзусида ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг шахмат-шашка йўналиши бўйича мусобақа ташкил этилди. “Менинг армиям тинчлик кафолати” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Бундай тадбирлар доираси яқин келажакда янада кенгаяверади.
Руслан АЛЛАБЕРГАНОВ,
32736-ҳарбий қисм командири.