Гиёҳвандлик - инсон маънавиятига зид бўлган, унинг ижтимоий-руҳий ҳолатини буткул издан чиқарадиган ғоят хатарли иллат, бедаво хасталик. Наркотик моддаларга ўрганиб қолиб, уларни истеъмол қилмасдан туролмаслик - гиёҳвандликдир. Унга чалинган киши борган сари ҳолдан тояди, ҳиссиётлари қўполлашади, маънавий қиёфасидан маҳрум бўлади. Одатда гиёҳвандлар аср вабоси - ОИТС хасталигига йўлиқиб, ҳаётдан эрта кўз юмади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, ҳар йили кенг тарқалган ва хавфли деб ҳисобланган гиёҳванд моддаларнинг 75-80 тоннаси ўз истеъмолчиларини топаяпди.
Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши дунёдаги энг муҳим долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Дунё бозоридаги опий гуруҳидаги наркотик моддаларнинг 85 фоизини Афғонистонда ишлаб чиқарилган героин ва опий ташкил этмоқда. Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, опий гуруҳидаги моддаларнинг айланиши эвазига олинаётган даромад 68 миллиард АҚШ долларни ташкил қилиб, улардан 61 миллиарди героин истеъмолчилари, 7 миллиарди опий истеъмолчилари ҳисобидан орттирилган. Жами дунё бўйича гиёҳвандликка чалинганларни даволаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун 200-250 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги маблағ зарур.
Афғонистондан ҳар йили 900 тоннага яқин опий ва 375 тонна героин олиб чиқиб кетилмоқда. Иш билан банд бўлган афғонистонлик ҳар ўн кишидан бири гиёҳванд ўсимликларни етиштириш билан шуғулланяпди. Экспертларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддаларнинг Россия ва Европага ўтказишдан тушадиган даромад 17 миллиард АҚШ долларни ташкил этади. Мутахассисларнинг қайд этишларича, Афғонистонда 2001 йилда халқаро кучлар киритилган сўнг бу ерда наркотик моддаларни тайёрлаш бир неча баравар кўпайган. Бундан кўриниб турибдики, гиёҳванд моддаларнинг тайёрланиши савдоси ва истеъмолига қарши олиб борилаётган кураш кутилган самара бермаяпти.
БМТ наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг баҳоларига кўра, тақиқланган гиёҳванд моддаларни 230 миллионга яқин одамлар, яъни дунёнинг 15 ёшдан 64 ёшгача аҳолисининг 5 фоизи ҳаётида камида бир марта қабул қилган. Дунё аҳолисининг 0,6 фоизи, яъни 27 миллионга яқин шахслар героин ва кокаин моддаларга бўлган қарамликдан азият чекувчи "муаммоли гиёҳвандлик"дир. Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида нарковазиятга салбий таъсир кўрсатадиган асосий фактор - Афғонистонда опий ва героин гиёҳванд моддаларини ишлаб чиқаришнинг давом этишидир.
Ҳар йили афғон опийси туфайли дунё миқёсида 100 минг кишининг умри ҳазон бўлмоқда. Бугун дунё наркобозорида героин энг кўп тарқалган гиёҳванд моддадир (90 фоиз). Экспертлар фикрича, вазиятнинг ижобий томонига эмас, аксинча, салбий томонга ўзгараётгани муаммога ёндашувни ўзгартиришни ва қатъий чораларни кўришни талаб этади. Акс ҳолда, айрим мамлакатларда героин эпидемияси эртага бутун дунёни қамраб олмасилигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Гиёҳвандлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамон халқаро майдондаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. БМТнинг гиёҳванд-лик ва наркотрафикка қарши кураш бўйича ҳисоботи эълон қилинди. Унда таъкидланишича, дунё миқёсида 201 миллиондан ортиқ киши ёки сайёрамиз аҳолисининг 5 фоизи, ҳеч бўлмаганда бир маротаба турли кўринишдаги гиёҳванд моддаларни қабул қилган. БМТ томонидан тайёрланган ҳисоботда маълум қилинишича, ҳар йили дунё миқёсида гиёҳвандликка чалинган 200 минг киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бу йўл-транспорт ҳодисалари чоғида қурбон бўлганлар сонидан 6 маротаба кам, аммо хавотирланмасликка асос йўқ.
Гиёҳвандлик ҳозирги кунда ёшлар ҳаётига хавф солаётган жиддий ва глобал муаммоларга айланиб қолмоқда. Унга ружу қўйиш ёшлар ҳаётига, шунингдек, у кўп давлатларда терроризм, кўпорувчилик ва бошқа бир нечта ишларнинг амалга ошишига сабаб бўлмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сўнги йилларда гиёҳвандлик ва таксин моддалар қабул қилиш кўрсаткичи шиддат билан ўсиб бормоқда. Энг хатарли томони, ёшлар орасида героинга нисбатан эҳтиёж ортиб бормоқда. Гиёҳвандликнинг одам соғлиги ва ҳаётига таъсир қиладиган салбий томонлари - ОИТС, захм, вирус гипатети, сил каби касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Гиёҳвандликнинг ёшлар ҳаётига хавф солишига қарши курашиш, бу ишга барчани жалб этиш ҳамда "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" каби шиорни барчанинг ҳаётида ажралмас қисмига айлантиришда кенг кўламли ишларни давомэттириш ва янада ривожлантириш керак.
Абдураззоқ ХОЛБОЗОРОВ,
туман КТМП нарколог шифокори.