ЁШЛАРНИ ГИЁҲВАНДЛИКДАН АСРАЙЛИК!
Гиёҳвандлик - ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган бу иллат ёшлар ўртасида бирмунча қулоч ёзмоқда.
Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, бундан 6 аср илгари фойдаланилган. ХIХ асрга келиб унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи сифатида ишлатилган. ХХ аср бошларида эса дунёнинг кўп давлатларида аҳоли ўртасида авж олиб, касаллик сифатида намоён бўлган. Бу гиёҳванд воситалари қўшни Афғонистонда етиштирилиб, қайта ишланиб, зарурий кимёвий моддалар аралашмаси қўшилиб, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари орқали яширин ҳолда, турли йўллар билан республикамиз ҳудудига кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик иллати илдиз отяпти. Бундай иллат, олдини олиш бўйича самарали ишлар олиб борилишига қарамасдан, афсуски, давом этмоқда.
2018 йил якунига қадар жами 989 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ушбу жиноят ишлари бўйича 50 килограммдан ортиқроқ турли хилдаги гиёҳванд моддалари далилий ашё сифатида олинган.
Гиёҳванд моддаларнинг таркибий қисми бўлган психотроп моддалар инсон руҳиятига қаттиқ таъсир этиши боис уни тинчлантирувчи модда сифатида, асосан тиббиётда қўлланилиши лозим. Психотроп моддалар сирасига трамадол, лирика, бакласан, самнол, диазепам, сибазол, валиум, феназенам каби дори воситалари киритилди. Уларни тиббиётдан бошқа жойларда қўллаш мумкин эмас.
Ҳуллас, ёшларни гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларидан огоҳ этишга ва бу иллат кўчасига кириб қолганларни соғлом ҳаётга қайтаришга барча фаол бўлиши керак.
Достонбек ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Жомбой туманлараро иқтисодий
суди девонхона мудири.