Булунғурга илк бор кўчма мобил ПЗР лабораторияси олиб келинганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Ушбу лабаратория ўз иш фаолиятини бошлади. Лаборатория бир суткада 1,5 минг кишида коронавирусга ПЗР текширувини амалга ошириш имконини беради.
Кўчма мобил ПЗР лабораторияси ва эмлаш пункти юртимизнинг исталган ҳудудига бориб, коронавирус таҳлилларини ўтказиш имконини беради. Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур замонавий техника воситалари ёрдамида ПЗР тести натижаларини 1 соат муддатда билиб олиш мумкин.
Электр энергияси бўлмаган вазиятларда ҳам 6 соатгача хизмат кўрсата олади. Ҳайдовчи ва 3 нафар тиббиёт ходими фаолияти учун тўлиқ мослаштирилган. Уларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва бошқа эҳтиёжлари учун зарур шароитларга эга.
Лабораторияда ишловчи мутахассислар Тошкент Вирусология илмий текшириш институтида малака ошириб келган. Фуқаролар мазкур лабораторияда коронавирусга мутлақо бепул тест топширадилар.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Германия алоқалари тобора кенгаймоқда. Жумладан, икки давлат соғлиқни сақлаш тизими ўртасидагиги ҳамкорлик кўлами йилдан йилга кэнгайиб боряпти.
Бугун Германиянинг OPASCO компанияси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан мазкур кўчма мобил ПЗР лабораторияси Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилгани ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлди.
Ушбу лаборатория ҳақидаги савол ва мурожатлар учун 998-91-535-12-80 (Саманов Илёс) рақамига қўнғироқ қилиб, тегишли жавоблар олиш мумкин.
Камол АЛИБОЕВ.