ТЕХНИКА ДЕҲҚОННИНГ ҚАНОТИ
Туманимиз ғаллакорлари 2020 йилда 7715 минг гектарга буғдойнинг “Аср”, Юка”, “Антонино”, Ғозғон”, “Гром” каби серҳосил навларидан қадашганди. Бугун уларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган ҳосиллар бошоқ чиқариб, мўл ҳосилдан дарак бермоқда. Баҳорнинг серёғин келиши ҳам ғаллакорларга анча қўл келди. Ғаллазорлар маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, бегона ўтлардан тозаланди. Ҳосил пишиб етилгунича ҳали бироз вақт бор. Бу орада деҳқонларимиз ғаллазорларнинг сувга талаб бўлган жойларини маромида суғориш, намгарчилик юқори бўлган жойларида “занг” билан касалланган майдонларга зарур ишлов бериш ишлари билан банд.
Ҳадемай ғаллакорларимизнинг заҳматли меҳнатлари эвазига етиштирилган маҳсулотларни қисқа муддатларда тез ва сифатли ҳолда, уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш ишлари бошланади. Йиғим-терим ишларида иштирок этадиган барча техникалар аллақачон соҳа мутахассислари томонидан яна бир бор кўздан кечирилиб, таъмирланиб, шай ҳолатга келтириб қўйилган.
Ҳар йилгидек ўрим-йиғими олдидан Булунғур Агросервис МТП МЧЖга қарашли бўлган мавжуд техникаларни таъмирлаш учун “Тошкент Азия дизел”, “Самарқанд Кейсс сервис”, “Самарқанд класс сервис”, Тошкент пахта лизинг”, “Агро пакс МТП” каби таъминотчи ташкилотларга тегишли миқдорда пул маблағлари ўтказилиб, 249 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Таъминотчи корхоналарда яна 59 миллион сўм маблағ мавжуд бўлиб, бунга келгусида техникаларга зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар олиниши режалаштирилган. Шунингдек, ғалла мавсумида иштирок этадиган комбайнлар ва бошқа техникаларнинг мавсумда самарали ва тўхтовсиз ишлашини таъминлаш учун МТП омборхонасида 100 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари заҳираси яратилган.
- Жамиятимизга қарашли мавжуд 4 та “Кейсс-2366”, 1 та “Вектор-410” ва 8 та “Класс-130” маркали юқори унумли ғалла ўриш комбайнларини жорий йил ғалла мавсумига тайёрлаб, ММТП хўжаликлари бўйича тақсимланиш режалари шакллантирилган, - дейди Булунғур Агросервис МТП МЧЖ раҳбари Фазлидин Жўраев. – Шунингдек, мавсумда иштирок этадиган комбайнларнинг ҳар бир операторини рағбатлантириш мақсадида олдиндан 1,5 миллион сўмдан берилишини режалаштирганмиз.
Жорий йилги ғалла ўрим-йиғим мавсуми “COVID–2019” пандемияси хавф солган вақтга тўғри келганлиги боис Булунғур Агросервис МТП МЧЖнинг барча операторлари, таъмирлаш устахонаси мутахассислари, чилангар ва пайвандловчилари техникаларни мавсумга тайёрлаш ишларида талаб этиладиган барча санитария-гигиена ва карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда иш олиб боришди. Устахоналар ва техникалар ҳозиргача ҳам туман СЭОМ дезинфекторлари томонидан дезинфекция қилиниб келинмоқда. Комбайн операторлари ва бошқа ходимлар ҳар куни тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Шунингдек, мавсумни хавфсиз ўтказиш мақсадида барча комбайнлар кигиз, ўт ўчиргич, қум ва бошқа зарур ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Комбайн операторлари ҳамда мавсум иштирокчиларининг ғалла ўрим-йиғими мавсумида самарадорликка эришишлари учун барча шароитларга эга бўлган кўчма дала шийпонлари ҳамда кўчма устахоналар ташкил этилмоқда.
Техникаларни мавсумга тайёрлаш ишларида механиклар Арзимуҳаммад Ҳасанов ва Эшпўлат Эшонқуловлар бошчилигида комбайн опереторларидан Улуғбек Йўлдошев, Фарҳод Сулаймонов, Абдурасул Ҳасанов ва Алимардон Ҳамраевларнинг ҳам ҳиссалари катта бўлди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.