Бундан йигирма йиллар олдин босилиб чиққан “Булунғур ҳаёти” газетаси билан бугунги кун талаблари асосида замон билан ҳамнафас бўлиб чоп этилаётган газетанинг фарқи беқиёс даражада ўзгарди. Ўтган замонлардаги газеталар ҳам ўз вақтида севиб ўқилган. Мен аймоқчи бўлганим - бугунги “Булунғур ҳаёти” газетасининг биринчидан чиройли кўриниши, ранг-баранглиги, катталиги, турли мавзудаги мақолалари ҳам кўзни қувонтиради.
Яқинда туманимизга ташриф буюрган Сирдарё вилояти журналистларининг “Булунғур ҳаёти” газетаси ҳақидаги илиқ фикирларини ўзимизнинг газетамизда ўқидим. Газетамизга ҳатто сирдарёлик меҳмонлар ҳам қойил қолишибди. Шу сабаб кутубхонага кириб, “Булунғур ҳаёти” газетасининг жорий йилдаги сонлари билан танишиб чиқдим. Рангли, катта саҳифада берилган фотосуратлар, мақолалар ҳам менда катта таассуротлар қолдирди. Спорт, маданият, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлар, деҳқонлар, томорқа эгалари, турли ташкилотларнинг иш фаолияти ёритилган бу газеталарни ўқиб оламжаҳон таассуротлар олдим. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаётимизга шахдам қадамлар билан кириб келаётган “Сулувқўрғоннинг тадбиркор келини”, “Қишлоғига ғамхўр оқсоқол”, “Шифокорлар халқ саломатлиги йўлида”, “Кутубхона - нурхона”, “Курашчиларимиз Хорватияда биринчи”, “Ҳайрат”, “Нафосат” болажонларнинг севимли маскани”, “Янги китоблар китобхонларга мунтазир”, “Гулистондан Булунғургача”, “Булунғурга ҳавас қилдик”, “Ижод ва илм аҳли - барҳаёт”, “Медаль - меҳнат эътирофи”, “Саховат”нинг саховатли деҳқонлари”, “Наврўз”нинг шоҳ таоми” каби жуда кўплаб мақолалар менда катта таассуротлар қолдирди.
Яқинда уйимизга Пайариқ туманидан меҳмонлар келишди. Улар стол устидаги газетани - “Булунғур ҳаёти”ни варақлаб кўриб:
-Ўҳ-ҳў, бунча зўр газеталарингиз, - деб мақташди.
Бундан албатта, хурсанд бўлдим. Шу сабабли қўлга қалам олиб, “Булунғур ҳаёти” газетаси муҳаррири Ғулом Ўролов бошлиқ ижодий ходимларига улкан муваффақиятлар тилайман.
Абдуҳаким АДИЛОВ,
пенсионер.