«БУЛУНҒУР ҲАЁТИ”ГАЗЕТАСИНИНГ 90 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
Э Ҳ Т И Р О М
Э Ҳ Т И Р О М
“Булунғур ҳаёти” газетаси 90 ёшда. Ўтган бу даврда газетанинг шаклланишида ўнлаб забардаст қаламкашлар ижод қилишган. Бугун мен асосан собиқ “Коммунист”, бугунги “Булунғур ҳаёти” газетасида ўтган асрнинг 70-йилларида таҳририятда фаолият кўрсатган ижодий ходимлар ҳақидаги хотираларим билан ўртоқлашмоқчиман.
МЕН ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЖУРНАЛИСТ БЎЛДИМ
1974 йил. Барча тенгдошларим қатори мен ҳам шу йили она Ватан олдидаги йигитлик бурчимни ўтаб, олийгоҳнинг тарих факультети сиртқи бўлимига ҳужжатларимни топшириб, талаба деган шарафга эришган эдим. Иш қидириб, нима иш қилишни билмай, хаёлот кўчаларига кириб юрган пайтларим эди. Ўша пайтларда туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётини ёритиб борувчи “Коммунист” газетаси бир ҳафтада уч маротаба нашрдан чиқариларди. Мен эса ушбу газетанинг ҳар бир сонини албатта ўқиб, танишиб борардим. Бир куни ушбу газетада танлов эълон қилинганига кўзим тушди. Унда қатнашиб, 2-ўрин соҳиби сифатида таҳририятнинг Фахрий ёрлиғи ва пул мукофотига эга бўлдим. Биринчи ўринни газетанинг масъул котиби Абдурайим Убайдуллаев қўлга киритди. Шундан сўнг газетанинг муҳаррири Эргаш ака Узоқов мени чақиришни, гаплашиб кўриб, маъқул келса ишга қабул қилишини айтибди.
(Суратда: муҳаррир Эргаш УЗОҚОВ)
Кечагидек ёдимда. Қабулхона ходимаси Рухсора Мамадиёрова мени илиқ кутиб олиб, ичкарига таклиф қилди. Кирдим. Аммо, остонада тўхтаб қолдим. Ўз иш столида савлат тўкиб ўтирган, басавлат раҳбарнинг салобати босди мени. Иккиланиб қолганимни кўрган Эргаш ака ўрнидан туриб:
- Кел ўғлим, тортинма, - деган сўзидан сўнг ўзимга келдим. Қисқа ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг муҳаррир мақсадга ўтди.
- Сенинг мақолангни ўқиб, ўрта ёшдаги киши бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Ёш экансан. Бизда иккита бўш ўрин бор. Бири корректорлик, иккинчиси мухбирлик. Қайси бирида ишлашни хоҳлайсан?
- Мен эндигина олийгоҳнинг тарих факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирдим. Адабиёт ва журналистикадан хабарим йўқ. Ишончларингизни оқлай олмасам керак, -дедим.
- Ҳеч ким онасидан ўрганиб туғилмайди. Ҳаёт ўзи муаллим, вақт эса ҳакам. Сенда қандайдир талант бор. Ўша талант яширинган булоқ кўзини очишимиз керак. Рози бўлсанг... эртадан корректорликда иш бошлайсан. Сенга ўз тенгдошинг Абдураҳим Убайдуллаев устозлик қилиб, журналистика қонун-қоидаларини ўргатади. Қолганларини ижодий жамоамиздаги ҳамкасбларингдан ўрганасан.
Шундай қилиб, 1974 йил 1 июндан “Коммунист” газетасида корректор вазифасида иш бошладим. Корректорлик таҳририятда кичик лавозимлардан бўлиши билан бирга масъулияти ниҳоятда оғир эди. Газетадаги ҳар қандай хато учун корректор масъул эди.
Ўша пайтларда газета ҳафтада уч маротаба, 4500 нусхада чоп этиларди. Ҳарфлар ҳарф териш машинаси (линотип)да қўрғошиндан қуйилар, уни немис миллатига мансуб Людмила Штульберг амалга оширар эди. Ундан сўнг макет асосида газета саҳифаланар эди. Сарлавҳа ҳарфлари қўлда терилиб, мақолаларни ўқиш учун ҳўл қоғозда нусҳа олиниб, корректорга ўтарди. Бу ишни саҳифаловчи Назира Каримова маромига етказиб бажарарди. Шу тариқа газета тайёр ҳолга келгунга қадар корректор, муҳаррир ўқиб имзолагач, навбатчи имзо қўйгунча кеч тушиб, тун ярмигача ҳам борарди. Айрим кунлари уйга кета олмай, навбатчи иккаламиз бошимизга газета тахламини қўйиб ухлаган пайтларимиз кўп бўлган. Ижодий жамоа ходимларининг кўпчилиги қишлоқлардан қатнаб ишласаларда, қийинчиликлардан нолишмасди. Муҳарриримиз Эргаш ака бу ҳолатни сезиб, ўзи қийналар эди. Раҳбарлар билан гаплашиб, бахши-шоир Фозил Йўлдош ўғли юбилейи муносабати билан унинг турмуш ўртоғига янги уй бериб, эски уйини адабий ходим Собирбой Шакарбоевга олиб берди. Фотомухбир Файзулла Хўжаназаров, маданият бўлими мудири Файзулла Абдуғаниев ва менга Булунғур вино комбинатининг ётоқхонасидан хона олиб берди.
Эргаш ака ишга эрталаб жуда барвақт келиб, газетанинг навбатдаги номерига бош мақола ёзар ёки газетанинг навбатдаги сони макетини тайёрлар эди. Ҳамма ишга келиб бўлгач, ходимлар ичида энг ёши кичиги мен бўлганим учун эрталабки нонуштага бозор қилиб келардим. Чой ичиш баробарида муҳаррир биз ходимлардан бугунги режаларимизни сўраб, ўзининг топшириқларини берар эди. Бу чой ичишни биз “Эргаш аканинг “летучка” (эрталабки беш дақиқалик йиғилиш)си дердик.
Корректорлик вазифасида бир ой ишлаганимдан сўнг муҳаррир мени адабий ходим бўлиб ишлашга таклиф қилди. Ўрнимга корректорлик вазифасига Раббим Ҳотамов келди. Шу тариқа мен журналистика уммонига шўнғиб кетдим.
Мана, орадан 45 йил вақт ўтган бўлсада, ҳали-ҳануз газетада иш бошлаганим, жамоадаги ҳар бир ҳолат, ходимлар ва айниқса муҳаррир Эргаш ака Узоқовнинг нафақат менга, жамоанинг ҳар бирининг оилавий, ижтимоий аҳволи билан яқиндан танишиб бориб, яқиндан кўмаклашишлари, барчасига меҳрибон, маслакдошлиги кўз ўнгимдан кетмайди. Масъул котиб Абдураҳим Убайдуллаев, маданият бўлими мудири Файзулла Абдуғаниевларнинг бахт кечаси тўйларида ўзи бош-қош бўлганлиги, сўнгра менга ҳам шахсан ўзлари келин топиб, тўйга бош-қош бўлиб ўтказганлари ҳамон ёдимда. Бироқ... афсуслар бўлсинки, бизнинг тўйдан бир ҳафта ўтиб Эргаш ака автоҳалокатдан вафот этди. У кишидан биз шогирдларига бой тажриба, ширин хотиралар қолди қолди.
БИР ФЕЛЪЕТОН ТАРИХИ
Эргаш Узоқов мени ўз қабулига чақириб:
- Бугун райкомнинг бюро йиғилишида чорва учун қишга озуқа ғамлашнинг ҳолати “Правда Востока” хўжалигида ночор аҳволда эканлиги қаттиқ танқид қилинди. Шу ҳолатни ўрганиб, мақола тайёрлаб кел, - деб топшириқ берди.
Топшириқни олгач хўжаликка бориб, раҳбарга учрашиб, мақсадимни айтдим. Хўжалик раҳбари Саид Шохўжаев хизмат машинасининг ҳайдовчисини чақириб, мени чорвачилик фермасига олиб боришни тайинлади. Фермада қишга озуқа жамғариш режаси ўлда-жўлда бажарилганлиги сабаблари очиқ-ойдин айтилиб, ўз-ўзини танқид руҳида йиғилиш бўлаётган экан. Йиғилиш тугагач бош зоотехник билан ферма мудири менинг кимлигимни билгач, ўз ишларининг жуда зўрлигини таърифлаб кетишди. Афсуски, поезд кетган эди. Мен йиғилиш материаллари ва сўзга чиққанларнинг танқидий фикрларига асосланиб “Сигирлар ҳасрати” номли фельетонни ёзиб бўлган эдим.
- Бугун райкомнинг бюро йиғилишида чорва учун қишга озуқа ғамлашнинг ҳолати “Правда Востока” хўжалигида ночор аҳволда эканлиги қаттиқ танқид қилинди. Шу ҳолатни ўрганиб, мақола тайёрлаб кел, - деб топшириқ берди.
Топшириқни олгач хўжаликка бориб, раҳбарга учрашиб, мақсадимни айтдим. Хўжалик раҳбари Саид Шохўжаев хизмат машинасининг ҳайдовчисини чақириб, мени чорвачилик фермасига олиб боришни тайинлади. Фермада қишга озуқа жамғариш режаси ўлда-жўлда бажарилганлиги сабаблари очиқ-ойдин айтилиб, ўз-ўзини танқид руҳида йиғилиш бўлаётган экан. Йиғилиш тугагач бош зоотехник билан ферма мудири менинг кимлигимни билгач, ўз ишларининг жуда зўрлигини таърифлаб кетишди. Афсуски, поезд кетган эди. Мен йиғилиш материаллари ва сўзга чиққанларнинг танқидий фикрларига асосланиб “Сигирлар ҳасрати” номли фельетонни ёзиб бўлган эдим.
Газетанинег навбатдаги сонида ушбу сарлавҳа остида чоп этилган фельетондан сўнг таҳририятга қўнғироқлар бўла бошлади. Энг аввало хўжалик раҳбари қўнғироқ қилиб, “мухбир келмасдан туриб фелъетон ёзган“ - деди. Қишлоқ хўжалик ходимлари ҳам норози бўлди. Мен эса ушбу фелъетонга муносабат билдиришларини сўраб вилоят қоракўл трести раҳбариятига фельетонни юбордим.
Трестдан келган жавоб хатида фелбетондаги фактлар тўғри ва ўз вақтида ёзилган деб, хўжаликка йиллик фондга қўшимча равишда тўрт вагон озуқа беришди. Ушбу озуқа туфайли хўжалик чорваси қишдан беталофат чиқди. Муҳаррир йўқлаётганини эшитиб, хонасига кирсам, хўжалик раҳбари Саид Шохўжаев билан ўтирган экан.
- Шу йигит-да, Сизнинг хўжалигигингизга “бормасдан” фелъетон ёзган ходимимиз, - деб мени таништирди Эргаш ака. - Мени кечир, ука. Сенга нисбатан адолатсизлик қилганим учун. Шапалоқдек фельетонинг бутун хўжалик чорвасини қишдан беталофат чиқишига сабабчи бўлди. Раҳмат, сенга, - деб раҳбар мени бағрига босди.
Туманда катта шов-шувга сабабчи бўлган мазкур фельетон кейинчалик партия аъзолигига ўтишимда ҳам фойдаси тегди. “Олтин тухумлар”, “Аҳвол раис айтганидек эмас” номли фельетонларим туманда қишлоқ хўжалиги ривожига ижобий таъсир кўрсатди.
Мамашариф НЕЪМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.