Жамият тараққий этгани сари мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар умумэътироф этилган ва халқаро тажрибада синалган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мослаштирилмоқда. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад - фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ва судларга мурожаат қилишда уларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олишдан иборатдир.
Навбатдаги ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 16 сентябрь куни “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган янги 251-боб ва 2791-2795-моддалар киритилди.
Мазкур кодекснинг 2792-моддаси кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.
Эндиликда судга берилаётган даъвонинг баҳоси (қиймати) камроқ бўлган ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилади.
Бироқ даъво талаби миқдори юқоридагилардан кўп бўлган ҳолларда ҳам, агар даъвогарнинг аризаси ва жавобгарнинг розилиги бўлса, соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин.
Агар давлат сири, тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишига олиб келса;
-қўшимча ҳолатларни аниқлаш ва қўшимча далилларни текшириш, кўздан кечириш, экспертиза тайинлаш, гувоҳларни сўроқ қилиш зарур бўлса;-даъво талаби бошқа талаблар билан боғлиқ ва учинчи (даъвогар ва жавобгардан бошқа) шахсларга тааллуқли бўлса ёки суд қарори учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиши мумкин бўлса;
-жавобгар томонидан соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, иш соддалаштирилган тартибда кўрилмайди.
Соддалаштирилган тартибда иш юритишда ишлар қисқа муддатда, яъни иш қўзғатилган кундан бошлаб, йигирма кундан ошмаган муддатда, кўриб тамомланади. Ушбу муддат судья томонидан узайтирилмайди.Бу билан тарафларнинг суд ишларига сарфлайдиган вақти тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Иш судья томонидан якка тартибда, яъни суд мажлиси ўтказилмасдан кўриб чиқилади. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига бориш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатлардан, суд процессини кутиш билан боғлиқ ноқулайликлардан халос бўлади.
Жавобгарга даъво ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар нусхалари дарҳол юборилади ва даъво юзасидан ўзининг ёзма фикрини судга юбориш имконияти таъминланади.
Бундай ишлар юзасидан суднинг ҳал қилув қарорига 10 кун муддат ичида апелляция шикояти (протест) берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, суд қарори қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида қонуний кучга киради.
Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, бундай тартибнинг жорий этилиши судьялар томонидан мураккаб бўлмаган ишларни қисқа муддат ичида кўриб чиқиш, тарафларнинг суд ишларига сарфлайдиган вақтларини тежаш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади
Ш. ҒУЛОМОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг судьяси.