Тез суратлар билан ўзгараётган бугунги кунимизда журналист аҳли билдирадиган таъсирчан сўзнинг аҳамияти табора ортиб бормоқда. Хусусан, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги муассассислигида чоп этилаётган “Булунғур ҳаёти” газетаси туманимиздаги кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланган. Газета барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ижтимоий, сиёсий фаоллигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Президентимизнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган O’zLiDeP съездида “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади” дея алоҳида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, туманимизда ҳам кейинги йилларда оммавий ахборот воситалари ходимларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилиб, замон талабларига тўла жавоб берадиган моддий-техника базаси шакллантирилди. Хусусан, 2020 йилда таҳририят хизмат машинаси билан таъминланди. 2021 йилдан энг замонавий бинода фаолият олиб боришмоқда. Ходимларнинг янада фаол ишлашлари учун барча қулайликлар яратилди. Бино янги мебеллар, ходимлар энг сўнгги оргтехника жиҳозлари билан таъминланган.
Айни пайтда рўзнома журналистлари бу эътибордан руҳланиб, янада ғайрат ва шижоат билан ижод қилишмоқда. Буни “Булунғур ҳаёти” газетаси саҳифасида чоп этилаётган мақолалардан ҳам билиш мумкин. Туманимиздаги ижтимоий, сиёсий воқеаларни ёритиш билан бирга соҳалардаги камчиликлар, нуқсонлар тўғрисида ҳам бонг урмоқда. Шунингдек, аҳолини ўйлантираётган, одамларни қийнаётган ўткир муаммо ва масалаларни, уларнинг сабаб ҳамда омилларини очиб бераётган танқидий ва таҳлилий мақолаларни жамоатчиликка тақдим этмоқда. Эл-юрт тараққиётига тушов бўладиган бюрократизм, таъмагирлик, коррупция каби иллатларни кўтариб чиқаётган журналистларимиз бор.
Юртимиз, жумладан туманимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий аҳамиятга эга ислоҳотлардан аҳолининг кенг қатламларини доимий равишда хабардор қилиб бориш, бир сўз билан айтганда давлат бошқарув идоралари ҳамда халқимиз ўртасида маълумот алмашинувини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим эканлигини эътироф этиш лозим. Хусусан туман ҳокимлиги ҳам айнан шу мақсадда туман газетаси ходимлари ҳамда эркин журналист, жамоатчи мухбирлар ва блогерларнинг кўмагига суянади.
Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги муассис сифатида “Булунғур ҳаёти” газетаси билан бундан кейин ҳам газета сифатини ошириш баробарида ҳамкорлик қамровини янада кенгайтиради. Чунки, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, халқимизнинг эртанги кунга ишончини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга газетанинг фаол иштирокисиз эришиб бўлмайди.
Фурсатдан фойдаланиб “Булунғур ҳаёти” газетасини, газета ходимларини, фахрий журналистларни ва жамоатчи мухбирларни 90 йиллик байрами билан бутун булунғурликлар номидан муборакбод этаман. Ижодларига барака тилайман!
Баҳодир БАҲРОМОВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими