Маълумки, минтақамизда сув ресурслари йилдан-йилга камайиб, унга эҳтиёж эса ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра 2022 йилда ҳам сув ресурслари олдинги йилларга нисбатан ўртача 10 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Сув аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи неъмат бўлиб,вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар аҳиллик билан меҳнат қилиб, оби-ҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли фармони билан тасдиқланган 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида бу йил сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида камида 7млрд.кубометр сувни тежаш кўзда тутилган. Бунда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва уларни лазер нурида текислаш эвазига 3млрд. кубометр сувни АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш орқали экинзорларга жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар экишни кўпайтириш ва қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0.9 млрд. кубометр сувни тежаш кўзда тутилган. Натижада, суғориладиган майдонларга сув меъёрида етказиб берилади.
Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим доирасида сувни тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги қабул қилинган “ Қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-144-сонли қарори билан бу борада янги тадбирлар белгиланди. Қарорга асосан туманимизда 2022 йилда боғ-ток ва бошқа экинларни томчилатиб суғориш режаси 900 гектар этиб белгиланди.
Бу борадаги ишлар изчил амалга оширилмоқда. Шу борада бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.Ҳозирга келиб Ўзбекистон сув тежовчи технологиялар, жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш бўйича дунёда 16-ўринга чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса 1-ўринда турибди. Бу йўналишдаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилаверади.
П.МАМЕДОВ,
Ўзагроинспексиянинг туман бўлими бошлиғи.