Юртимизда куз-қиш мавсуми бошланиши ва об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши билан аҳоли хонадонларини иситишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.
Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки: фуқароларимиз томонидан иситиш мавсуми олдидан хонадонларда ўрнатилган иситиш печларининг хавфсиз эканлигини батафсил кўздан кечирилмаслиги оқибатида аянчли ва қайғули ҳолатлар содир бўлмоқда.Булар асосан аҳоли хонадонларидаги ёнғинлар, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ёки портлаши, фуқароларнинг табиий ва ис газидан заҳарланишларидир.
Ис гази – рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма-табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда.
-фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
-ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
-иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
-газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
-ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
-ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Азизлар ёдингизда тутинг! Содир бўлган ёнғин, ис гази, бахтсиз ходиса ва бошқа фавқулодда холатларни бартараф этишдан кўра уларни олдини олиш осонроқдир.
Д.ДЖАББАРОВ,
Булунғур туман ФВБ бошлиғи в.в.б капитан.