Юртимизда 15 ноябрдан 15 декабрга қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда.
Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши билан аҳоли хонадонларини иситишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз томонидан иситиш мавсуми олдидан хонадонларда ўрнатилган иситиш печларининг хавфсиз эканлиги батафсил кўздан кечирилмаслиги оқибатида аянчли ва қайғули ҳолатлар содир бўлмоқда. Булар асосан аҳоли хонадонларидаги ёнғинлар, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ёки портлаши, фуқароларнинг табиий ва ис газидан заҳарланишларидир.
Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнашини ҳамда аҳоли ўртасида оммавий овқатдан заҳарланиш (ботулизм ) билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан туман ҳудудида турли тадбирлар ўтказилмоқда. 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларни олдини олиш мақсадида халқ хўжалиги иншоотларида, аҳоли яшаш уй-жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ҳар кунлик режа бўйича ишлар олиб борилиб, аҳоли ва ташкилот ишчи-ходимлари ҳамда раҳбарлари билан суҳбатлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Аммо, фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига етарли даражада аҳамият берилмай, натижада кўплаб ёнғинлар содир бўлиб фуқароларга, жамиятга катта миқдорда моддий ва маънавий зарар етказилмокда.
Ис гази – рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма - табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда.
- фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
- иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
- ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Ҳурматли фуқаролар! Ёдингизда тутинг! Содир бўлган ёнғин, ис гази, бахтсиз ходиса ва бошқа фавқулодда ҳолатларни бартараф этишдан кўра уларнинг олдини олиш осонроқдир.
Тадбирда фаол иштирок этинг!
К.ТАНГИРҚУЛОВ,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари, капитан.