Туман марказидаги Булунғур маҳалласининг асосий кўчаларидан бири - Сайилгоҳ кўчасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Натижада бу кўча энг чиройли кўчалардан бирига айланмоқда.
2 километр масофадаги бу катта асфальт кўчанинг ҳар икки томонида чиройли йўлаклар бунёд этилмоқда. Йўлакларнинг бири оқ, иккинчиси қизил рангда.
- Қизил рангдаги йўлак велосипедчиларга мўлжалланган, - дейди йўлаксоз қурувчилар бошлиғи Ўлмас Аҳмедов. - Оқ рангли йўлакда пиёдалар бемалол юришади. Йўлакларнинг атрофи яшил газон билан ободонлаштирилади.
Манзарали яшил ўтларни суғориш учун мини фонтанчалар ўрнатилади. Йўл ёқасидаги ариқларга замонавий лотоклар ётқизилади. Катта кўча ва йўлакларни ёритиш учун ҳар 25 метр масофада замонавий симёғочлар ўрнатилади. Катта электр чироқлари кечалари катта йўлни ёритса, кичик электр чироқлари йўлакларни ёритишга хизмат қилади.
Шунингдек, бундай чиройли кўринишга эга бўлган йўлаклар туманимизнинг Увайсий ва Фаробий кўчаларида ҳам бунёд этилмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.