- Кўчаларимиз кўркам ва чиройли кўринишга эга бўлмоқда, - дейди Булунғур МФЙ ҳудудидаги Сайилгоҳ кўчаси, 3-уйда яшовчи фуқаро Юнусхон Убайдуллаев. - Бир пайтлар гавжум ва серқатнов бўлган бу кўча кейинги пайтларда эътибордан анча четда қолиб кетган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқимиз эртага эмас - бугундан бошлаб яхши яшаши керак”, - деган гаплари асосида бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимиз жамоли кун сайин чирой очиб бормоқда. Шу жумладан, туманимизда ҳам оламшумул ишлар амалга оширилаётганидан бениҳоя хурсандмиз...
- Ҳозиргача туманимиздаги Ўзбекистон, Оқтепа, Фозил Йўлдош, Сайилгоҳ кўчаларида жами узунлиги 6,96 километр ва энига 6 метр бўлган кўчаларга дастлаб чақилган тош (шебенка) билан таъмирлаш ишларини амалга оширдик, - дейди “Булунғур туман йўлдан фойдаланиш унитар корхонаси” йўл устаси Абдулла Ўролбоев.- Таъмирланган йўлларга қўшни Жомбой туманидаги асфальт заводидан келтирлган 450 тонна иссиқ асфальт ётқизиш ишларини амалга оширдик. Бундай катта ишни амалга оширишимизда ишчиларимиздан Улуғбек Умурзоқов, Абдухалил Ҳайдаров, Карим Муродов, Санжар Асадов, Асатилло Ортиқов, Жамол Йўлдошев, ҳайдовчи Холбой Муродов, 275-йўл бўлими бошлиғи Санжар Хўжаёровларнинг меҳнати катта бўлди. Асосий йўллардан сўнг ички оралиқ йўлларни ҳам таъмирлаймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.