Асли касбим ўқитувчилик бўлгани учунми, ҳарқалай телекўрсатувларда берилаётган янгиликлар ва вақтли матбуотда ёритилаётган хабарлар, мақола ва ҳикоялар билан яқиндан танишиб бораман.
Айниқса, туманимиз ойнаси саналмиш “Булунғур ҳаёти” газетасининг ҳар бир сонини оила аъзоларимиз билан биргаликда ўқиб, мутолаа қиламиз. Мақолалардаги фикрлар билан ўртоқлашамиз. Ўзим ҳам тез-тез ушбу газетага хабар ва мақолалар, шеърлар йўллаб тураман. Тўғрисини тан олишимиз керак, сўнгги пайтларда муҳокамага сабаб бўладиган, куннинг долзарб мавзуларини қамраб олган танқидий, таҳлилий ва муҳокама қилишга арзигулик мақолалар чоп этилмаяпти.
Газетанинг 20-сонидаги муаллиф, журналист Ғуломжон Ўроловнинг “Муҳокама учун мавзу” рубрикаси остида чоп этилган “Шукур дейсан сен қачон?” сарлавҳали мақоласини оила аъзоларимиз билан бир эмас, бир неча бор ўқиб чиқдик. Мақолада келтирилган ҳаётий мисоллар, айрим фуқароларимизнинг ношукурчиликлари, сабабсиз нолишлари, манманлик ва кибрга берилиб бораётганликлари, тобора бойликка ҳирс қўйиб, яқин қариндош, оға-инилар орасидаги илиқ муносабатлар дарз кетиши, Аллоҳ назари тушган жаннатмакон юртда яшаб туриб, ўз меҳнати билан юрт равнақига хизмат қилиш ўрнига жамиятдан нолишлар рўй-рост тилга олинган.
Халқимизда “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам ушбу мақола чоп этилгач, ижтимоий тармоқларда ушбу мақолага ва муаллифига турли хил муносабатлар билдирилмоқда. Айримлар тўғри гапни ҳазм қилишолмаяпти. Аввало, бир нарсага эътиборни қаратиш лозим.
Мақолада муаллиф ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида ўзи кўрган, гувоҳи бўлган ва эшитганларига асосланиб ўз фикрларини баён этган. Шунингдек, муаллиф мақолада инсон қадр-қимматини, шаънини, обрўсини ҳисобга олиб, маҳалла номини, уй соҳиби ва уйга муҳтож инсон ҳамда маҳалла раисининг исм- фамилияларини, манзилларини аниқ киритмаган. Бундан ташқари, асосийси, мақолада муаллиф ўз фикрлари орқали кенг жамоатчиликни, ўқувчиларни муҳокамага чорлаган. Мақола билан танишган айрим фуқароларимиз муаллифга нисбатан пана-пастқам жойлардан туриб тош отгандан кўра, ўз қарашларини, фикрларини, мақолага бўлган муносабатини матбуот орқали билдирсалар яхши бўларди, чамамда. Айрим ўқувчилар эса ўзлари бир умр газетага икки қатор хабарми, мақолами ёзиб, жамиятда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга фикр билдиришга ожизлик қилишади-ю, бошқаларнинг ёзган мақолаларидан камчилик қидиришади, тўғрироғи тирноқ орасидан кир қидиришади. Узоққа бормайлик, Мустақилликнинг дастлабки йилларида аҳолининг асосий қатлами иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечиришди. Деярли қишлоқда яшовчи барча фуқаролар томорқаларига буғдой экиб, тегирмонда навбат кутиб, кун ўтказишди. Дастурхонларимиз ҳам ҳозиргидек тўкин эмасди. Бугун-чи? Бугун аҳолининг тегирмонларга эҳтиёжи қолмади. Дўконлардан унни навига қараб, танлаб олишмоқда. Оилада, тўй-маъракаларда, байрам-базмларда дастурхонда майизу-туршакдан тортиб, ананасу-банангача, ҳаттоки денгиз маҳсулотларигача мавжуд. Бозорларимиз тўкин, истаган нарсангизни топасиз. Юртимизнинг барча жойларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, кечаги кун билан бугунни таққослаб бўлмайди. Бугун қишлоқларимиз шаҳар билан тенглашмоқда, шаҳарлар осмон қадар бўй чўзмоқда. Барча имкониятлар эшиги очиқ. Айниқса ёшларга, хотин-қизларга берилаётган эътиборни айтмайсиз-ми.
Ўзим бир неча йилдан буён фермер хўжалигини юритаман. Бу йил етти нафар ёшларнинг ҳар бирига деҳқончилик қилишлари учун йигирма беш сотихдан ер ажратиб бердим. Улар ўзларига тегишли бўлган майдонларга картошка уруғи қадаб, ҳар бири салкам ўн тоннадан сифатли картошка етиштирдилар, экиндан бўшаган майдонларга иккинчи экин сифатида ловия ва мош уруғларини сепиб, парвариш қилишмоқда. Ёшларнинг ерга бўлган самимий муносабатларини, экинларни меҳр билан парваришлаётганликларини кўриб кўзинг қувонади. Уларнинг нигоҳларида ҳаётдан мамнунликни кўрасиз.
Мақолада айтилганидек, бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Фақат буни тўғри нигоҳ билан англай билиш лозим. Истагим - газетанинг бундан кейинги сонларида ҳам “Шукур дейсан сен қачон?” номли муҳокамали мақолагаўхшаш мақолалар тез-тез чоп этиб турилса айни муддао бўлар эди.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ,
нафақахўр.