Шукур қилиш Аллоҳнинг инсониятга, одам боласига иноятидир. Шукур қилишни билмасликка олиш ёки истамаслик, шукур қилишдан тониш Аллох иноятидан воз кечиш билан баробар назаримда. Агар мен нотўғри фикр билдирган бўлсам, динимиз вакиллари мени тўғриласинлар. Шукур қилишни ҳар бир оилада ота-она ўз фарзандларига ўргатиб борадилар. Ўргатганда ҳам “болам, шукур деб айт", "қани шукур дечи” шаклида эмас, балки ўзи Аллоҳга шукрона келтириш билан фарзандларида шукур қилишни фазилатга айлантирадилар. Отасининг, онасининг шукронасини эшитиб ўсган бола ҳаёти давомида бировнинг мулкига кўз олайтирадиган, бировнинг мулкига чанг соладиган бўлиб ўсмайди. Ўзининг ҳаётини хоҳ жисмоний, хоҳ ақлий бўлсин, пешона тери эвазига, ҳалол меҳнати билан топган мулки устига қуради, бахтли яшайди, эркин нафас олади, фарзандлари кўзига кулиб қарай олади, кўзини улардан яширмайди. Балки етишмовчилик сабаб фарзандларидан кўзини олиб қочар, аммо фарзандлари бу ҳолатни тўғри қабул қила оладилар.
Булунғур туманимизнинг ҳам маънавий, ҳам кунлик ҳаёти, ҳам иқтисодий ўзгаришларини кўрсатувчи ойнаси, сиёсий ҳаёти дурдонаси бўлган “Булунғур ҳаёти" газетамизнинг 2021 йил 10 июл сонида, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан, газетамиз муҳаррири Ғулом Ўроловнинг "ШУКУР ДЕЙСАН CЕН ҚАЧОН?" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. “ТЕМИР ДАФТАР", "ЁШЛАР ДАФТАРИ", "АЁЛЛАР ДАФТАРИ" нима? Нима учун туманимиз депутатлари, ҳокимият биргаликда “ХАЛҚПАРВАР" комиссиясини тузди? Бу ҳаракатларнинг бари халқимиз хаётини борлигича ўрганишга, уни яхшилашга, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси юзида ўз ҳаётидан розилик табассумини кўришга қаратилган ҳаракатлардир. Бу ҳаракатларнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти турибди. Турганда ҳам мардларча, ўзбекчасига турибди. Буни ҳар бир фуқаро юрагидан ўтказиб тан олиши керак. Тан олмайдиганлар ҳам бор албатта, ҳаммани бирданига рози қилиб бўлмайди. Одам боласи эҳтиёжлари, талабларининг чегараси йўқ. Лекин, Аллоҳ ҳар бир неъматини ҳар бир инсон боласи учун чегаралаб қўйган ва ўзи ҳоҳлаган вақти билан беради.
Мақолада келтирилган биринчи воқеада бир одам синглиси учун уй сўраган. Назаримда, кейинги пайтларда, аёл жинслиларимиз орасида бир-икки фарзандли бўлиб, эридан ажрашиш урфга айланиб бораётгандай. Бахтли яшашга эмас, қоракўз фарзандларидан меҳрсизларча воз кечиб, ҳатто уларни сотиб бўлса ҳам, эркин яшашга интилиш яққол намоён бўлмокда. Оталар, оналар ўз норасида фарзандларидан воз кечишнинг шафқатсиз йўлларини танламоқдалар. Ҳаммасининг мақсадимаблағ топиш, топганини самарасиз сарфлаб, мақсадсиз яшашга қаратилган. Воқеада тилга олинган синглимиз балким бундай ниятлардан йироқдир, синглиси учун уй сўраётган акаси синглисининг келажаги учун қайғураётгандир, майлида, акалик меҳри деган тушунча ҳам бор. Бу акада синглисига меҳр деган инсоний фазилат сўнмабди-ку. Лекин, ҳаёт ҳали олдинда, уй олиш ягона имконият эмас. Халкимизда бир эшик ёпилса, минг эшик очилади деган гaпбор. Келажакда синглимиз бахтли бўлиб, акаси ўз қилган ишидан кулиб юрар. Бериладиган уй синглиси учун эмас, бошқа бир, унинг синглисидан кўра аҳволи оғирроқ аёлга тегишли эканлигини англаб етар, балким ўзи ҳам синглисига, ҳам яна бир бошқа аҳволи оғир аёлга ўз маблағи ҳисобидан бошпана қуриб бериб, Аллоҳнинг савобини, халқининг дуосини олиб, ҳаж сафарини адо этар.Аллоҳ насиб қилсин. Юлғичликдан, кўзи очликдан, ҳамиятсизликдан, ориятсизликдан, уятсизликдан, барча нокасликлардан ўзи асрасин, офият берсин.
“Шукур дейсан сен қачон?" номли мақола замирида бугунги кунда халқимизни ўйлантираётган, муаммоларга ҳар томонлама эҳтиёткорлик билан ёндашувларни талаб қиладиган долзарб масалалар кўтарилган. Мақолада келтирилган масалалар ҳаётнинг барча соҳа ва қирраларига тааллуқли. Таълимдан бошлаб то ҳуқуқшуносликкача. Тарбия, ахлоқ қоидалари, Ватан ғурури, ишбилармонликка чорлов ҳам бор. Хусусан, Кореяга ишлаш учун борган ватандошимиз айтиб берган ибратли воқеа. Қаранг, Кореялик киши бизнинг Ватанимизнинг келажаги буюклигига ишора қилаяпди. У бизнинг Ватанимизни ташқаридан қараб кўриб турибди, биз шу Ватан ичидамиз. Келажакка ишончни фуқароларимизда шакллантиролсак, ёшларимизни аллақандай ажнабий ақидалар асосида эмас, миллий урф-одатларимиз асосида, адабиётимизга, ўз тилимизга меҳр, миллийлигимизга муҳаббат асосида, фанда инқилоб ясашга чорлов асосида тарбияласак, учинчи ренессансимизни дунётан олади. Бунинг учун мактабларнинг имкониятларини кенггайтириш, ўқитувчилар тайёрлашга янги талаблар қўйиш, умумий ўрта таълим мактабларида эркак ўқитувчилар сафини камида 95 фоизга етказиш чораларини кўрсак маъқул иш бўларди. Шунда мақолада келтирилган қахрамонларга ўхшаган фуқаролар эмас, балки ориятли, қатъиятли, темир интизомли, дадил фикрлайдиган, одобли ўқувчилар мактабларимиздан етишиб чиқар эди. Турли хилдаги ёрдам дафтарларига ҳам эҳтиёж бўлмасди. Уларга сарфланаёгган маблағлар фанимиз тараққиётига сарфланар эди.
Келинг, энди ёши улуғлар ўтган асрнинг эллигинчи, олтмишинчи, етмишинчи йилларини эслайлик, кейинги авлод эса саксонинчи, тўқсонинчи йилларни эслаб кўришсин. Мустақиллигимизнинг бошланғич йилларини эслайлик. Кейин эса қийинчиликлар билан, секин, босиқлик билан қаддимизни тиклаб олганимизни кўз олдимизга келтирайлик. Биринчи Президентимиз ҳаммамизга ер бериб қишлоқ хонадонларида буғдой бўлишини таъминлаганини кўз олдимизга келтирайлик. Ўша пайтлар Хитойдан келган конфетларни, Туркиядан келган печеньеларни ва бугунги кунимиздаги Булунғуримиз бозорини кўз олдингизга келтиринг. Ўша даврлардаги тўйларни, бугунги кунимиздаги тўйларни кўз олдингизга келтиринг. Ўша даврларла дўконларда ун олиш учун чўзилган навбатлар, бугун дастурхонингизда турган тўкинчиликни кўз олдинггизга келтиринг. Ўша даврларда эски, яроқсиз поезд вагонларида қандай ҳолатлар бўлганини, қандай автобусларда тиқилиб, туртиниб, аёл, эркак аралашиб терлаб юрганингизни, бугун шахсий машинангизда кондиционерни қўшиб ёз иссиғини парво қилмай юрганинггизни кўз олдинггизга келтиринг. Бундай мисоллар жуда кўп. Мен билмаганларимни ўзларингиз санаб топингизлар ва шукур қилингизлар. Миллатимиз фазилатли бўлса Аллоҳ биздан неъматларини аямас. Мамлакатимиз фаровон, халқимиз бахтли, Президентимиз тахтли, юртимиз обод, вазирларимиз шод, осмонимиз тиниқ, замонимиз тинч бўлсин. Шукур қилайлик ватандошларим.
Турсунпўлат ЭЛЧИЕВ,
71-умумий ўрта таълим мактаби
рус тили фани ўқитувчиси.