Мамлакатимиз ҳудудида учта ҳокимият тармоғи мавжуд бўлиб, улар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидан иборат.
Давлат ҳокимияти органлари тизимининг самарали фаолият юритиши ушбу тизим фаолиятини мониторинг ва назорат қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий механизмисиз деярли мумкин эмас. Ушбу механизм бошқа нарсалар қатори норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шунингдек, қарор ва фармойишларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларига мувофиқлигини текширишга қаратилган бўлиши керак. Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти шундай механизм бўлиб хизмат қилади.
Конституциявий суд ваколатлари Конституция билан ҳуқуқий тартибга солиниши Ўзбекистон Республикасининг демократик тизимга эга давлат сифатида мавжудлигини таъминлайдиган, ушбу органнинг алоҳида позициясидан далолат беради. Бундан ташқари, ушбу орган сиёсий жараёнда давлат тизимининг барқарорлигини таъминлайди, бу ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Мазкур ҳолат эса Конституциявий суд давлат органлари тизимида алоҳида мавқени эгаллашини кўрсатади, бироқ уни суддан ажратиб, мустақил орган деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқ бўлмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тарихига назар соладиган бўлсак, давлатимиз мустақилликни қўлга киритган даврлардан бошлаб фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишга қаратилган, дастлабки қонун 1993 йил 6 май куни қабул қилиниб, бу қонун «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида» деб номланди.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунининг кейинги таҳрирлари 1995 йил 30 август ҳамда 2017 йил 31 майда қабул қилинган.
Конституциявий суднинг фаолиятини тартибга солувчи «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири 2021 йил 27 апрель куни қайта қабул қилинди ва ўз-ўзидан аввал қабул қилинган қонунлар ўз кучини йўқотди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, янги таҳрирдаги қонунда Конституциявий суднинг ваколатлари кенгайтирилиб, Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.
Қонунга кўра, Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг томонидан қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббусига оид қонунга алоҳида банд киритилиб, унда Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлаши белгиланди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши, Конституциявий суд фаолиятига оид янги тарихий ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди.
Г.НЕГМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси.