Мамлакат келажаги, унинг тараққиёти юқори билим ва малакага эга бўлган етук мутахассисларнинг халқни рози қилиш, унинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги самарали фаолиятлари билан боғлиқ. Бугун юртимизда кадрларни танлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борадаги ишларни самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, яқинда Давлатимиз раҳбари томонидан «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг имзоланиши ушбу йўлда муҳим дастуриламал бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва кадрлар ротацияси, қолаверса, тадбиркорлик қилиш, хорижда ҳисоб рақам очиш ва манфаатлар тўқнашувини тақиқлаш, даромадлар ва мол-мулкни мажбурий декларациялаш каби қоидаларни ўз ичига олган ушбу Қонун келгусида давлат хизматини халқни чинакам рози қиладиган тизимга айлантириши билан бирга давлат хизматчиларининг фаолиятларини самарали амалга оширишлари учун муҳим аҳамият касб этади.
Қонун маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ривожланган давлатлар тажрибалари асосида, чуқур муҳокамалардан сўнг ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида давлат фуқаролик хизматига оид муносабатлар, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти бу борадаги махсус қонунлар билан тартибга солинади. Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўтган икки йил давомида ишлаб чиқилган ушбу Қонун мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини халқчил тизимга айлантиришига ишонамиз.
Қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталадиган бўлсак, ушбу Қонун фақат давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан қўлланилади. У Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга кўра, Давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органларининг ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, холислик, профессионаллик ва компетентлик, давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги ва давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши каби принципларни ўзида мужассам этган ҳолда амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб белгиланган Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ҳамда давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.
Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ҳам ёрдам кўрсатади.
Қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва чекловлар борасида ҳам бир қатор қоидалар мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган вақтдан бошлаб давлат фуқаролик хизматчиси (ДФХ) ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва фаолиятини тугатиши билан уни йўқотади.
Қонунга кўра Давлат фуқаролик хизматчиси бир қатор ҳуқуқларга эга. Яъни, бажарилган ишларнинг миқдори ҳамда сифатига мувофиқ вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш, касбий компетенциялари ва алоҳида хизматлари учун рағбатлантириш, мунтазам равишда малакасини ошириб бориши, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритиш ва шартномани бекор қилиш, лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлган иш ўрнига эга бўлиш, давлат органи раҳбариятининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида хабар берган тақдирда давлат ҳимояси билан таъминланиш ва ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат органининг раҳбарияти ҳамда бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳурмат қилиниши каби ҳуқуқлар шулар жумласидан.
Ўз навбатида қонунда давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини амалга оширишдаги мажбуриятлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Конституцияга ва бошқа ҳужжатларга риоя қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажариши, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бошқа қоидаларга амал қилиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиш, ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай шаклдаги камситишдан, нохолисликдан ёки кимгадир нисбатан алоҳида муносабатда бўлишдан тийилиш, ўз хизмат мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслиги, давлат сирларини ёки Қонун билан кўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги талабларга риоя этиши, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши ва бошқалар.
Яна бир нарсани айтиш жоизки, ушбу Қонун билан давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра, Давлат фуқаролик хизматчиси учун ўзаро яқин қариндошликда бўлган шахслар билан айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилиб мукофот, фойда ёки совғалар олиш, чет давлат фуқаролигини олиш ва шу каби бошқа чекловлар белгиланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур Қонун давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизми ягоналигини таъминлашга қаратилган муносабатларни тартибга солиш орқали ҳуқуқий асосларини яратиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича ўсишининг кафолатларини ўрнатиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбга лаёқатлилиги ва профессионаллигининг ўсишида шарт-шароитлар яратиш ҳамда рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятли.
Қайд этиш лозимки, шундай тизим давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланиш, коррупцияга чек қўйиш ва асосийси, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант ўринларни юксак билим ва малакага эга бўлган мутахассислар билан таъминлашга олиб келади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу Қонун мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси масалаларини тартибга солувчи ҳамда давлат фуқаролик хизматини мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида хизмат қилади.
Баҳром МАМАДИЯРОВ,
Булунғур тумани ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.