Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ҳамда тегишли таклифларни ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда. Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий Қонуни ҳисобланади.
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Маълумки, мамлакатимиз тараққиётнинг бугунги шиддат билан ривожланаётган даврида асосий қомусимизга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 20 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик Палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди ҳамда унинг фаолиятини тартибга солувчи Низом қабул қилинди. Жорий йил 26 майида эса Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган таклифларни олиш, умумлаштириш ва уларга жавоб қайтариш бўйича ташкил этилган ишлар ҳақида комиссия томонидан маълумотлар берилган.
Конституциявий комиссия фаолияти юзасидан комиссиянинг ишлаш механизми бўйича қуйидаги босқичларни санаб ўтса бўлади. Жумладан:
Биринчи босқич – Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш;
Иккинчи босқич – Парламент томонидан ишлаб чиқилган Янгиланган Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш.
Учинчи босқич – умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш.
Ушбу жараёнларда Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Конституциянинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатишлар киритишни назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади, деган норманинг Конституцияга киритилиши кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Ушбу таклифнинг илгари сурилганлиги бежиз эмас. Зотан, дунёдаги қатор мамлакатларда инсон қадрини улуғлаш устуворлик касб этгани, мамлакатимиз ҳам ана шундай давлатлар сафидан ўрин олишга интилаётгани айни ҳақиқатдир.
Шу билан бирга, Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда Президентимиз томонидан маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишлардаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратилиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам акс этмоқда.
Хусусан, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланиб, халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституциямиз фақат ва фақат олийжаноб, меҳнаткаш халқимизнинг бугунги орзу-истаклари намоён бўладиган ҳаётбахш ҳужжат бўлиши лозим.
Навбаҳор ТУРСУНОВА,
Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси.