НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛА
Шу ой бошида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда видеоконференц-алоқа режимида “Норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш ва давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.
Тадбирда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, норма ижодкорлигисоҳасидаги мутахассис ва экспертлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидландики, сўнгги йилларда қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш борасида муайян ижобий натижаларга эришилди.
Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва кодификациялаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Лекин, тан олиб айтиш керакки, бу йўналишда кўзланган мақсадларга тўлиқ эришилган эмас. Турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солиш каби салбий амалиётдан тўлиғича воз кечилмаганлиги амалиётда ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш каби мураккабликлар юзага келтириб чиқармоқда.
Қонунчиликнинг жадал ривожланиши айрим ҳолларда амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган кўплаб нормаларнинг вужудга келишига ҳам олиб келмоқда. Шу сабабли Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 19 май куни имзоланган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини бир хиллаштириш, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришга муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Семинарда Фармонда билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юкланган бир қатор қўшимча вазифа ва функцияларнинг ижросини ташкил қилиш масаласи муҳокамалар марказида бўлди.
Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда бир қатор муаммолар мавжудлиги, айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштириш талабига риоя қилинмаётганлиги, лойиҳаларда умумий тусга эга бўлган нормаларнинг кўплиги, қонун нормаларини амалга оширишнинг механизмлари очиб берилмаслиги каби ҳолатлар санаб ўтилди.
Мунозаралар давомида юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича вазирликлар, қўмиталар ва давлат идоралари юридик хизматлари ходимлари ўз муносабатларини билдириб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларини баён этишди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари қайд этилган Фармон билан
2020 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниб, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилиши ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмаслиги белгиланаётганлиги каби масалаларга алоҳида тўхталишди.
Семинар иштирокчилари лойиҳаларнинг тегишли давлат органлари билан келишиш жараёнида юзаки ёндашувлар мавжуд бўлиб, оқибатда парламентда қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида баъзи вазирлик ва идоралар вакилларининг лойиҳа матнига нисбатан норозилиги намоён бўлаётганлигига алоҳида урғу беришди.
Қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилиши ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилаётганлиги мавжуд камчиликларнинг бартараф этилишига олиб келиши алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимиз бутун демократик ривожланишнинг мураккаб ва масъулиятли йўлидан қатъий илгарилаб бормоқда. Аҳолининг жамият ва давлат ҳаётига оид қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки фаоллашаяпти. Эндиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамики ваизрликлар ва идоралар билан электрон шаклда келишув ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Бу эса норма ижодкорлиги жараёни самарадорлигини ошириб, шаффофликни таъминлаш учун муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинаётган ҳуқуқий норматив ҳужжатлар сифатини янада ошириш қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилинишини ҳамда улардан ҳавойи нормаларини қисқартиришга ҳамда шу орқали давлатимизда қонун устиворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шуҳрат АБДУҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати