Худди тождор вирусга ўхшаб ер шарини эгаллаб олишни мақсад қилиб Адольф Ҳитлер (Шикельгрубер – ҳақиқий фамилияси) 1939 йилнинг биринчи сентябрида Польша давлатининг чегарасини бузиб кириш билан Иккинчи жаҳон урушини бошлаган эди. Ер юзи аҳолисининг кўп қисми бошига чексиз азобларни солган бу уруш 1945 йилнинг 2 сентябрига қадар давом этди, Япон милитаристлари тор-мор этилиши билан якун топди!
1941 йилнинг 22 июни, якшанба куни, тонг саҳарда Иккинчи жаҳон уруши СССР чегараларини бузиб кириб келди. Ҳитлернинг фашистлар олмонияси ўша даврда шунчалик кучли эдики, Шимолий Европада Буюк Британия ва унинг атрофидаги давлатлар фронтида, Ғарбий Европада Фарангистон ва унинг атрофидаги давлатлар фронтида, Жанубий Европада Италия фашистлари раҳнамоси Мусолини билан ҳамкорликда Жанубий Европа мамлакатлари фронтида, Африка шимолида шу қитъа мамлакатларини забт этиш мақсадида иккита танланган дивизиялари иштирокида босқинчилик урушини олиб борар эди. Унинг кейинги мақсади – Шарқий Европа ва Осиёни босиб олиш эди.
Иккинчи Жаҳон уруши бошланганди Польша армияси қирқ кунга ҳам бардош беролмади. Олтинчи октябрда Польша армияси тиз чўктирилди – олтмиш олти минг аскар қурбон бўлди. Ярадорлар, бедарак кетганлар ҳам кам эмасди. Учинчи рейх урушнинг дастлабки кунларида шандай ғалабага эришди. Оқибатда Польша давлати ер майдони Олмония, СССР, Словакия, Литва давлатлари орасида хомталаш бўлди. Польшани босиб олишда олмон фашистларига Словакиянинг 51 306 аскари бўлган учта дивизияси кўмаклашиб юборди.
Учинчи Рейх қўмондонлари Вальтер фон Браухич, Франц Гельдер, Федор фон Бок, Герд фон Рундштед, Словакия армияси қўмондони Фердинанд Чатлош ўз ҳарбий ҳаракатлари билан машъум урушни бошлаб берганлар. Уларга барча тинчликсевар халқларнинг лаънатлари мангу бўлсин. Дунёни, Ватанни фашизм балосидан асраб қолиш, қуллик занжирини бўйнига илмаслик, озод яшашни ҳимоя қилиш учун мардлар жангга отландилар. Ўзбекистонимиздан бир ярим миллиондан кўпроқ юрагида ўти бор йигит-қизлар урушда қатнашдилар. Ярим миллиондан кўпроқ қаҳрамонлар жонларини фидо қилдилар, 640 000 ўзбекистонликлар ярадор бўлдилар. 338 ватандошимиз Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлди, 53 та ватандошимиз Шуҳрат орденининг биринчи, иккинчи, учинчи даражалари эгалари бўлдилар. 120 000 ватандошларимиз кўрсатган қаҳрамонликлари учун турли даражадаги орден ва медаллар билан тақдирландилар. Республикада 15 та дивизия, 15 та ҳарбий бригада шакллантирилиб, фронт сари йўл олдилар.
Фашизм балоси устидан ғалаба қозонишда буюк ўзбек халқи мислсиз ҳисса қўшди. Қишлоқ хўжалиги ишлари асосан кетмон, белкурак, омоч, ҳўкизлар, ғалтак ёрдамида олиб борилган, маҳсулотлар етиштирилган. Етиштирилган маҳсулотлар армияга, уруш вайрон қилган шаҳар-қишлоқларга жўнатилган. Далаларимизда болалар, қизлар, аёллар, қариялар меҳнат қилганлар. Фронт орти фронти далаларида меҳнат қилганлар қаҳрамонликлари жанггоҳларда фашизмга қарши курашаётган аскарларни маънан ва руҳан қўллаб, ғалаба сари олға бошлади.
Улуғ Ватан урушида бизнинг қишлоғимиздан икки юздан кўпроқ - Аҳмад Умаров, Аҳмад Норов, Мелибой Раҳимов, Дўсон Мирзабеков, Рўзи Мустаев, Эшонқул Арслонов, Суюн Холмонов, Ислом Эшманов, Ҳасан Қобилов, Шоди Дониёров, Очил Омонов, Исмоил Омонов, Қўчқор Тўхтаев, Исмоил Холбеков, Шермат Холмирзаев каби қишлоқдошларимиз фашистларга қарши урушда қатнашганлар. Улардан 98 таси урушда ҳалок бўлганлар. У кишилар бугун орамизда йўқ. Хотиралар қолган. Боболаримиз сўзлаб берган ҳикоялари билан, бобо ва момоларимиз яшаб ўтган кунларни, бошидан кечирганларини ҳар қандай қаҳрамонликларга менгзашга арзийди. Зеро, хотира мангу.
Турсунпўлат ЭЛЧИЕВ,
ўқитувчи.